Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида давлат буюртмачилари томонидан 7 млрд сўмлик 21 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлигини аниқлади.
Жумладан, «Uzsungwoo» МЧЖ буюртмачилигида 1,5 млрд сўмлик ташиш хизматлари кўрсатиш ва 895 млн сўмлик ёғоч етказиб бериш;
Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида 782 млн сўмлик тиббий ускуналар харид қилиш;
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти қошидаги академик лицей буюртмачилигида 427 млн сўмлик иссиқ озиқ-овқат етказиб бериш хизмати кўрсатиш;
«Ургут туман сув етказиб бериш хизмати» ДМ буюртмачилигида 339 млн сўмлик таъмирлаш хизматлари кўрсатиш;
Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти буюртмачилигида 284 млн сўмлик молекуляр генетик тадқиқотларини таҳлили ёрдамида Бушуев зотининг генетик паспортини тузиш;
Зарбдор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими буюртмачилигида 173 млн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш;
Учқўрғон тумани спорт мактаби буюртмачилигида 143 млн сўмлик спорт инвентарларини сотиб олиш;
Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг Андижон шаҳар бўлими буюртмачилигида 62 млн сўмлик қурилиш моллари сотиб олиш;
Бандихон туман тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида 60 млн сўмлик иссиқ озиқ-овқат етказиб бериш хизмати кўрсатиш;
Балиқчи тумани айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 6-сон давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати буюртмачилигида 39 млн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш юзасидан ўтказилган давлат харидларида қонун бузилишлари аниқланган.
Шунингдек:
Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими буюртмачилигида 496 млн сўмлик қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш;
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали буюртмачилигида 420 млн сўмлик техник жиҳозлар харид қилиш;
Жарқўрғон тумани ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида 200 млн сўмлик қурилиш моллари харид қилиш;
Косонсой туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими буюртмачилигида 146 млн сўмлик тикув машиналари харид қилиш;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали буюртмачилигида 120 млн сўмлик иссиқ овқат етказиб бериш хизматини кўрсатиш;
Жиззах вилояти шошилинч тез тиббий ердам илмий маркази буюртмачилигида 99 млн сўмлик техник жиҳозлар харид қилиш юзасидан ўтказилган давлат харидларида ўзаро аффилланган шахслар иштирок этганлиги маълум бўлди.
Фарғона водийси магистраль каналларидан фойдаланиш бошқармаси буюртмачилигида 800 млн сўмлик бетон қоришма сотиб олиш;
Ш.Рашидов туман давлат архиви буюртмачилигида 67 млн сўмлик қурилиш маҳсулотлари харид қилиш юзасидан ўтказилган давлат харидларида эса баҳолаш жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Агентликнинг тақдимномаларига асосан харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, мазкур давлат харидларининг қонунга хилоф тарзда ўтказилишининг олди олинган.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, дейилади агентлик хабарида.