2024 йил бошидан буён 17 давлатда 54 нафар журналист хизмат вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти ҳисоботида айтилади.
Журналистларнинг ярмидан кўпи (31) жанговар зоналарда ҳалок бўлди, бу 2020 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Ўтган йили журналистлар учун энг хавфли ҳудуд 16 журналист ўлдирилган Ғазо сектори бўлди. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотига кўра, улар Исроил армияси томонидан ўлдирилган.
Дунёда 550 нафар журналист қамоқда. 2024 йилда ҳибсга олинганлар сони 7,2 фоизга ошган. Бунга Россия (йилига +8 киши) ва Исроилда (+17) журналистларни қамоққа олишнинг янги ҳолатлари сабаб бўлди.
Ҳибсга олинган журналистларнинг деярли ярми тўртта давлатда қамоқда: Хитой (124 нафар, жумладан, Гонконгда 11 нафар), Мьянма (61), Исроил (41) ва Беларусда (40). Матбуот ходимларининг умумий жазоси 250 йиллик қамоққа тенг.
Ташкилот маълумотларига кўра, 55 журналист гаровда, улардан 38 нафари Сурияда. 34 давлатда 95 нафар журналист бедарак йўқолган.
«Журналистлар ўлмайди, ўлдирилади, улар ҳокимият томонидан қамалган; улар ғойиб бўлмайди, ўғирланади. Кўпинча ҳукуматлар ёки қуролли гуруҳлар томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар халқаро ҳуқуқни бузади ва аксар ҳолларда жазосиз қолади», — деди ташкилот бош директори Тибо Бруттен.