Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида қўшимча лавозим жорий қилинди

14.12.2024 11:40

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасининг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-434-сон, 13.12.2024 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Элчихонасининг штат жадвалига, биринчи котиб – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили қўшимча лавозими киритилди.

Қуйидагилар вакилнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги ўзаро ишонч ва халкаро ҳукукнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда яқин ҳамкорликни кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам равишда пухта ишланган амалий таклифларни тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фукароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларида халкаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Россия Федерациясининг Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги жиноятларга карши курашиш, уларнинг фош этилишига кўмаклашиш ҳамда ушбу йўналишларда тезкор маълумот алмашинувини ташкил этиш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси фукароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик функцияларини бажаришга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг жиноятчилик, хукукбузарлик, одам савдоси ва ноқонуний миграция масалалари бўйича оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклдаги мурожаатларини қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш.

Вакил ички ишлар органларидаги фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига бўйсунади.

Шунингдек, вакилни саклаш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга мўлжалланган Давлат бюджетида кўзда тутилган хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларини молиялаштириш ҳажмида инобатга олинади.

Элчихонага битта автотранспорт воситасини харид килиш ва сақлаш учун қўшимча лимит ҳамда маблағ ажратилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар