Пулни тежашга интилаётган одамнинг сурати: Россияда ишлаётган меҳнат мигрантининг ўртача статистик портрети тузилди

10.12.2024 10:26

Таҳлилчилар 2024 йилда Россияда ишлаётган меҳнат мигрантининг ўртача статистик портретини тузди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди . У Ўзбекистондан келган, Москва ёки шу номдаги областда яшовчи 28 ёшли, турмуш қурган йигит бўлиб чиқди. Бундай маълумотлар «Мигрант сервис» платформаси мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот давомида олинган. Улар 63 мингга яқин обуначини қамраб олган сўровнома ўтказди ва унинг натижаларига кўра ҳозир Россияда ишлаётган оддий меҳнат мигрантининг портретини аниқлади.

Мигрантлар орасида энг катта гуруҳни Ўзбекистондан келганлар (55,4 фоиз) ташкил қилган. Ундан кейинги ўринда Тожикистон (39,89 фоиз) фуқаролари. Арманистон, Қирғизистон, Беларус ва Қозоғистондан келганлар (4,82 фоиз) нисбатан озчиликни ташкил қилади.

Чет эллик ишчиларнинг катта қисми турмуш қурган. Сўров натижаларига кўра, 14 ёшдан ошган мигрантларнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) шундай мақомга эга. Учдан биридан камроғи (28 фоиз) ҳеч қачон турмуш қурмаган, 5 фоизи ажрашган, яна 3 фоизи бева қолган.

Oила ва болалар энг олий қадрият

«Мигрантлар учун оила ва болалар энг олий қадрият», дейди таҳлилчилар. «Асосий эътибор уйда қолган оиласини қўллаб-қувватлашга қаратилган, бу пул ўтказмалари частотасида кўриниб турибди: 67 фоизи ҳар чоракда пул жўнатади, 41 фоизи эса даромадларининг 50 фоиздан ортиғини уйига юборади».

Сўровда иштирок этганларнинг аксарияти ҳар ой меҳнат патенти учун ҳақ тўлайди (83 фоиз), 47 фоизи патентга иш ҳақининг 10 фоизидан камини, 27 фоизи эса 11-20 фоизини сарфлайди. Шунингдек, 47 фоизи иш ҳақининг 10 фоизи ёки ундан камини ижара ҳақига сарфлашини таъкидлаган. Шу билан бирга, қарийб 45 фоизи ҳеч қачон уйини ўзгартирмаганини, 38 фоизи эса йилига бир ёки икки марта шундай қилишини билдирган.

Озиқ-овқат ҳам бюджетнинг катта қисми бўлиб, мигрантларнинг 44 фоизи ўз даромадининг 10 фоизи ёки ундан кам қисмини сарфлайди. 26 фоизи озиқ-овқатга 11 фоиздан 20 фоизгача пул сарфлашини кўрсатди. Қолган 30 фоизи эса даромадининг 20 фоиздан ортиғини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлайди.

«Умуман олганда, Москва ва шу номдаги минтақадаги мигрантнинг портрети пулни тежашга интилаётган одамнинг суратидир», дейилади Миграция хизмати хулосаларида. «У ўз даромадининг катта қисмини уйига жўнатиб, уй-жой ва транспорт харажатларини минималлаштиришга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, у ўзини тиббий хизматлар ва ўйин-кулгилардан чеклаб, молиявий маблағларини тежашни афзал кўради».

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар