2024 йилнинг 10 ойида Омбудсман номига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 158 та шикоят келиб тушди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълум қилди.
2024 йилнинг 10 ойида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 774 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мониторинг ташрифлари давомида 9,5 минга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 4321 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 56 нафар ходимга хайфсан берилди, 2 нафар ходим жаримага тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
“Ҳисобот даврида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 2 232 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиши натижасида 32 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 18 нафари даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди.
7 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштиришида ёки муддатидан илгари шартли озод этилишида, 8 нафарига амалдаги интизомий таъсир чорасини муддатидан аввал рағбатлантириш тариқасида ечилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
4 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган. Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 12 нафар вояга етмаган фарзандларига бола нафақаси пули олишда ва 5 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида моддий ёрдам ажратилишига кўмаклашилди.
Босим ўтказилгани юзасидан шикоятлар
Омбудсман номига 2024 йилнинг 10 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 158 та шикоят келиб тушди.
Шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 52 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади.
62 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланилган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.