Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан электр энергиясидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида истеъмолчилар ўртасида рейдлар ўтказилмоқда.
Жорий йилда ушбу рейдлар натижасида куннинг ёруғ вақтида ёритиш чироқларидан самарасиз фойдаланиш бўйича 2 минг 356 та ҳолат аниқланди. Шундан 442 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, 5 та корхонага эса молиявий санкция қўллаш бўйича далолатномалар тузилди.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жами қуввати 314,2 кВт бўлган электр қурилмаларининг беҳуда сарфланиши олди олинди. Бу миқдор 25 та хонадоннинг бир ойлик ўртача электр энергияси истеъмолига тенг.
Сўнгги икки кун ичида ўтказилган рейдларда фақат Тошкент шаҳрининг ўзида куннинг ёруғ вақтида чироқларни ёқиб қўйиш билан боғлиқ 264 та ҳолат қайд этилди.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг хабар беришича, электр энергиясини беҳуда сарфлашга йўл қўйган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 бараваридан 15 бараваригача жарима қўлланилади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ёритиш қурилмаларидан фақат зарур бўлган ҳолларда фойдаланиш тавсия этилади.