Ўзбекистон жаҳоннинг 121 мамлакати орасида энг хавфсиз давлат деб тан олинди

03.12.2024 08:53

Ўзбекистон жаҳоннинг 121 мамлакати орасида энг хавфсиз давлат деб тан олинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Криминология тадқиқот институт бошлиғи полковник, юридик фанлари доктори Бахтиёр Бердиалиев маълум қилди. 

Буюк Бритациянинг Лондон шаҳрида жойлашган Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан “Safety Perception Index”  хавфсизликни баҳолаш индекси бўйича 2021—2023 йиллар оралиғидаги кўрсаткичлар ўрганилганда, мазкур рейтингда Ўзбекистон энг яхши натижани қайд этди.  Яъни, Ўзбекистон жаҳоннинг 121 мамлакати орасида энг хавфсиз давлат деб тан олинди.

Ёки, Бутунжаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project ) ташкилоти томонидан ҳар йили ўтказиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Тартиб ва хавфсизлик индикатори бўйича Ўзбекистон 2023 йилда:

– дунёда 142 та давлатлар орасида 12-ўринни;
– Осиёда 49 та мамлакатлар орасида 5-ўринни;
– Шарқий Европа, Марказий Осиё, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллаган.

Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳар 100 минг аҳолига нисбатан содир этилган жиноятлар сони бўйича энг хавфсиз давлат ҳисобланмоқда.

Қайд этилган жами жиноятларнинг 60 фоизини ўғрилик, гиёҳвандлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, фирибгарлик ва тан жароҳати етказиш жиноятлари ташкил этмоқда.

Қайд этилган жиноятлар ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 161,2 тани ташкил этса, шундан 28,2 та ўғрилик, 25,2 та гиёҳванд ва психотроп моддалар ноқонуний айланмаси, 19,2 та йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши, 18,9 та фирибгарлик ва 12,8 та тан жароҳати етказиш жиноятларси тўғри келмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар