Республикадаги маҳаллаларнинг 3 646 тасида (38,5%) жиноят қайд этилмади, 4 596 тасида (48,6%) жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси устидан назорат кучайтирилган ҳолда олиб борилаётгани ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, 381 нафар ишчи - хизматчиларнинг кечиктирилган 2,6 млрд сўм иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланди. Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 5,8 млрд сўми талон - торож қилингани аниқланиб, 71 та жиноят иши қўзғатилди.
Маданий меросларга шикаст етмоқда
Бирифингда республика бўйича археология мероси объектларининг 23 тасига жиддий шикаст етказилгани ҳамда 193 та ҳолатда археология мероси обектларининг муҳофаза ҳудуди бузилиб қурилиш қилингани ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилгани аниқланиб, қатъий чоралар кўрилгани маълум қилинди.
Масалан, Қашқадарё вилоятидаги “Пандирон” масжидининг таъмирлаш - тиклаш ишларида лойиҳа талабларига риоя этилмагани натижасида ёдгорликка 341 млн сўм зарар етказилгани ҳамда ҳақиқатда бажарилмаган 622 млн сўмлик ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланган.
Маҳаллаларнинг 38,5 фоизида жиноят қайд этилмади
Шунингдек, Ҳаёт Шамсутдинов ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилаётганини таъкидлаб, кўрилган чоралар натижасида республикадаги маҳаллаларнинг 3 минг 646 тасида ёки 38,5 фоизида жиноят қайд этилмаганини, 4 минг 596 таси ёки 48,6 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилганини айтиб ўтди.
Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чоралари доирасида суриштирув ва тергов органларининг 63 минг 047 нафар шахсга нисбатан 50 минг 888 та жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилди.
Бевосита прокуратура органлари томонидан 12 минг 342 та жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилиб, 11 минг 350 нафар шахсга нисбатан 7 минг 477 та жиноят иши судларга юборилди, жиноят оқибатида етказилган 2,6 трлн сўмлик зарар ундирилди.