Бугун, 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги қонун муҳокама қилинди.
2007 йилда қабул қилинган қонунда йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга ёдланган туз ишлатиш ва ёдланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган.
Аммо 2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра мамлакатимизда мавжуд 94 та ош тузи ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва ундан фойдаланувчи корхоналарнинг бор-йўғи 24 тасида лаборатория бор, фақатгина 72 тасида дозаторлар ўрнатилган. Аммо ўрнатилган айрим дозаторлар мутлақо талабга жавоб бермайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2024 йилнинг 9 ойи давомида туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 та намунадан 65 тасида (25%), савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларидан олинган 1110 та намунанинг 347 тасида (31,5%), мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3613 та намунанинг эса 1263 тасида (35%) йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида ҳеч қандай ҳужжатсиз тузни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келаётган 4 та корхона аниқланган.
Ушбу корхоналарда тузни йодлаш дозаторлари мавжуд эмас. Омборларда маҳсулотларни сақлаш қоидаларига амал қилинмаган, қайта ишлаб чиқариш учун келтирилган бирламчи тузларнинг тегишли ҳужжатлари, хусусан сертификатлари мавжуд эмас. Туз белгиланган талабга жавоб бермайдиган пакетларга қадоқланмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқарилган саналар кўрсатилмаган ҳолда сотувга чиқарилмоқда. Айрим ҳолларда қадоқларга йоланган ош тузи деб, аслида ёдланмаган техник туз солинаётгани аниқланган.
Айрим тадбиркорлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, аҳолининг соғлиғи учун зарарли бўлган маҳсулотларни сотишни давом эттирмоқда.
Мажлис якунида қўмиталарнинг аниқ таклифлари акс этган қўшма қарори қабул қилинди.