Миннатдорлик, манфаатдорлик, оддий ҳол ва қўрқув: Аҳоли коррупция ва у ҳақда хабар бериш борасида қандай фикрда?

19.11.2024 07:29

Коррупцияга қарши курашиш агентлигида “Коррупцияга қарши курашда коррупция ҳақида хабар беришнинг ўрни ва таъсири” мавзусида ўтказилган сўровнома натижаларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда тақдимот қилган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Самарали бошқаруви бўйича кластери раҳбари Камила Муҳамедханованинг айтишича, лойиҳа доирасида республиканинг барча ҳудудларидан 500 нафардан ортиқ респондентлар билан компютерлаштирилган телефон сўрови, ўнта вазирлик ва идораларнинг 20 нафардан ортиқ ходими билан аноним сўровлар ҳамда 53 та мақсадли гуруҳларда муҳокамалар ўтказилган.

Тадқиқотда респондентларнинг 74,0 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга ва 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёрлигини билдирган.

“Сўровда иштирок этган респондентларнинг 19,8 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида ундан ўзлари манфаатдорлиги, 20,4 фоизи эса кимга мурожаат қилишни билмаслигини қайд этган. Шу билан бирга, респондентларнинг 13,8 фоизи миннатдорчилик сифатида совға беришни оддий ҳол деб ҳисоблашини, 7,4 фоизи эса бундай ҳаракатларни коррупция ҳолати деб билмаслигини таъкидлаган.

Респондентларнинг 48,6 фоизи хабар бериш оқибатларидан қўрқишини, 25 фоизи хабар бериш бефойда эканини, ҳеч ким бунга эътибор бермаслигини билдирган. 14 фоиз киши пул ва совға беришни миннатдорлик белгиси сифатида кўради”, дейди Камила Муҳамедханова.

Таъкидланишича, аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорлик деб тушунишини билдирган.

Сўровнома натижаларига кўра, тиббиёт муассасалари, мактабгача ва олий таълим муассасалари, ҳокимликлар, ички ишлар органлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари энг коррупциялашган соҳалар деб белгиланган.

Жамоатчилик кўпинча коррупцияни порахўрлик ва қариндош-уруғчилик деб тушунади, холос. 50 фоиздан ортиқ респондентлар мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчиликни коррупция деб билади. 40 фоиздан камроғи учун эса қимматбаҳо совға бериш коррупциядир. Аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорлик деб тушунади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар