2025 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 45,1 миллиард долларга етиши мумкин

18.11.2024 21:16

Ўзбекистон давлат қарзи 2025 йил якунида 45,1 миллиард долларга етиши проноз қилинмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Фуқаролар учун бюджет” ҳисоботида келтирилган.

Қайд этилича, жорий йилда янгиланган ҳисоб–китобларга кўра, давлат қарзи 39,7 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

“2025 йилга келиб, давлат қарзи 45,1 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,7 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда”, —дейилади вазирлик ахборотида.

Манбага кўра, 2024 йил якунида давлат ташқи қарзини жалб қилиш бўйича янгидан имзоланадиган шартномалар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этилади. Шундан 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларига, 2,5 миллиард доллари бюджетни қўллаб–қувватлашга йўналтирилади.

2025 йилда эса қарийб 5,5 миллиард долларлик давлат ташқи қарзини жалб қилиш режалаштирилган. Мазкур кредит маблағларининнг 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳалари, 3 миллиард доллари эса бюджетни қўллаб қувватлаш учун сарфланиши кутилмоқда.

Давлат қарзи бўйича прогнозлар

2024 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 37 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,2 фоизни ташкил қилган. Шундан давлат ташқи қарзи 30,9 миллиард доллар (ЯИМнинг 27,7 фоизига тенг), давлат ички қарзи 6,1 миллиард долларга (ЯИМга нисбатан 5,5 фоиз) етган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йил 1 июль ҳолатига давлат қарзи маблағлари қуйидаги тармоқларга сарфланганини маълум қилган:

давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш дастурларига — 13 миллиард доллар;
энергетика лойиҳаларига — 5,7 миллиард доллар;
қишлоқ ва сув хўжалиги лойиҳаларига — 2,8 миллиард доллар;
транспорт лойиҳаларига — 2,7 миллиард доллар;
уй-жой коммунал хўжалиги лойиҳаларига — 2,7 миллиард доллар;
соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари лойиҳаларига— 2,3 миллиард доллар;
бошқа соҳаларга — 1,7 миллиард доллар.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар