2024 йилнинг октябрь ойида иккиламчи автомобиль бозорида “Lacetti”, “Damas”, “Labo” нархлари пасайишда давом этди. "Spark" ўртача нархлари бироз кўтарилган бўлса, “Cobalt” ва “Nexia” нархларида деярли ўзгариш кузатилмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан қилинган автомобил нархлари таҳлилида айтилди (https://t.me/ifmr_public/5557).
Маҳаллий оммабоп автомобиллар нархлари
Жорий йилнинг октябрь ойида иккиламчи бозорда кўп фойдаланилган “Lacetti”, “Damas”, “Labo” автомобиллар ўртача нархлари сентябрь ойига нисбатан мос равишда 1,5%, 6,3% ва 2,0%га пасайган бўлса, ўртача фойдаланилганлари мос равишда 0,3%, 0,6% ва 3,5%га арзонлади. Кўп фойдаланилган “Spark” автомобилининг ўртача нархи 2,2%га, ўртача фойдаланилгани 2,9 %га ошган бўлса, “Cobalt” ва “Нехиа” нархларида сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Маҳаллий оммабоп автомобиллар учун октябрь ойида таклиф қилинган ўртача нархлар қуйидагиларни ташкил қилди:
“Lacetti”: кам фойдаланилган — $15 236 ($15 452), кўп фойдаланилган — $13 300 ($13 500);
“Damas”: кам фойдаланилган — $8 250 ($8 300), кўп фойдаланилган — $7 500 ($8 000);
“Spark”: ўртача фойдаланилган $10 500 (сентябрь ойида — $10 200), кўп фойдаланилган — $9 200 ($9 000).
Маҳаллий люкс автомобиллар нархлари
Жорий йилнинг октябрь ойида маҳаллий люкс автомобилларидан “Equinox” нархлари сезиларли ўзгарган бўлса, “Malibu” ва “Tracker” нархлари деярли ўзгармади. Жумладан, мазкур даврда кам ва ўртача фойдаланилган “Equinox”нинг ўртача нархлари сентябрь ойига нисбатан мос равишда 1,5% ва 6,3%га арзонлаган бўлса, кўп фойдаланилгани 1,9%га ошди.
“Equinox” учун октябр ойида таклиф қилинган ўртача нархлар қуйидагича:
кам фойдаланилган — $33 000 ($33 500), ўртача фойдаланилган — $30 000 ($32 000); кўп фойдаланилгани — $27 000 ($26 500).
Электомобиль нархлари
Жорий йилнинг октябрь ойида электромобиллар нархлари сезиларли даражада арзонлашди. Хусусан, “BYD Han” автомобилининг кўп фойдаланилгани ўртача нархи 10,2% га, ўртача фойдаланилгани 2,6% га ҳамда янгиси 2,2% га пасайди. “BYD Song Plus EV Chempion”нинг ўртача фойдаланилгани 7,5%га, янгиси 1,2%га арзонлашди.
Электомобиллар учун октябрь ойида таклиф қилинган ўртача нархлар қуйидагича:
“BYD Han”: кўп фойдаланилган — $31 450 ($35 000), ўртача фойдаланилган — $37 000 ($38 000);
“БYD Song Plus EV Chempion”: ўртача фойдаланилган — $27 500 ($29 750); янги — $29 000 ($29 350).
Шунингдек, “Malibu” ва “Tracker”нинг нархига уларнинг босиб ўтган масофаси юқори даражада таъсир этиб, ишлаб чиқарилган йили катта таъсир этмаслиги аниқланди.