Ипотека бўйича давлат субсидияларини беришда масъуллар норасмий мукофотга шаъма қилмоқда

07.11.2024 20:05



Ипотека кредити бўйича давлат субсидияларини беришдаги норматив-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш жараёнида бир қатор коррупциявий хавф омиллари аниқланди. Бу ҳақда Ипотека кредити бўйича давлат субсидияларини беришдаги ноҳалоллик хавфларини баҳолаш бўйича тадқиқотда айтилган.

Коррупцияга нима йўл очяпти?

Норматив-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш жараёнида ипотека кредитлари учун субсидиялар олишга ариза бериш жараёни бошланиши билан боғлиқ маълумотлар етарли эмаслиги, масъул расмий давлат ташкилотлари томонидан берилаётган ахборотларда очиқлик ва шаффофлик камлиги аниқланди.

Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий муҳтожлик, ишга яроқсизлик мезонларини баҳоловчи аниқ механизм йўқлиги, бу айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёл талабгорларни танлаш жараёнида ижтимоий ходимнинг аралашуви даражасига тааллуқли.

Қолаверса, талабгор ва унинг оила аъзоларида сурункали касалликларнинг оғир турларидан азият чекаётган, алоҳида уйда яшашга зарурат юқори,II гуруҳ ногиронлиги бор, ногиронлиги бўлган болани парваришлайдиган ёлғиз аёл каби ижтимоий мезонлар ўрганилар экан, бунда тегишли органлар томонидан тасдиқланган ҳамда барчага очиқ бўлган касалликлар рўйхати мавжуд эмас.

Ҳужжатларни қабул қилиш тизимидаги камчилик: ҳар иккала оила аъзоси — эр ва хотин бир вақтнинг ўзида субсидия олиш учун ариз топширганда, тизим иккала аризани ҳам тасдиқлайди.

Аноним сўровнома ўтказилди

Тадқиқот доирасида субсидия олишга ариза бериш жараёнида қатнашган 205 нафар респондент иштирокида аноним сўров ўтказилди: уларнинг 57 фоизи эркаклар ва 43 фоизи аёллар.  Эркак-респонденларнинг 42 фоизи ипотека субсидияларини олиш учун танловдан ўтмаган, 36 фоизи ижтимоий мезонларга мувофиқ деб топилган ва 23 фоизи субсидия тўғрисида хабарнома олган олмаганлигини билмаган. Айримлар субсидия олиш учун ариза бермаганликларини билдирган.

Аёл-респондентларнинг 46 фоизига ижтимоий мезонларга жавоб бермагани учун субсидия тўланиши рад этилган, 37 фоизига эса субсидия тўланиши ҳақида хабарнома юборилган. Хотин-қизларнинг 25 фоизи (87 нафардан 22 нафари) оғир ижтимоий аҳволдаги аёллар сифатида субсидия олиш учун ариза топширган, уларнинг 36 фоизига (22 нафардан 8 нафари) рад жавоби берилган.

Масъуллар норасмий мукофотга шаъма қилмоқда

Аноним сўровда, шунингдек, респондентларнинг жавоблари асосида ипотека субсидияларини бериш жараёнида коррупция хавфлари бор, деган фикр мавжудлиги аниқланди. Хусусан комиссиялар фаолияти бўйича салбий фикрларни асосан, Тошкент шаҳридаги респондентлар билдирди (келиб тушган умумий салбий фикрнинг 16 фоизи).

Бундан ташқари, ҳар еттинчи респондент давлат муассасаларининг масъул ходимлари субсидия олиш имкониятини оширувчи норасмий мукофотларга шаъма қилганликларини билдирган. Бундай ҳолатлар Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида кўпроқ кузатилган.

Бепул маслаҳатлар ташкил этиш зарур

Субсидия олиш ҳуқуқини, зарур ҳужжатлар рўйхатини ёки субсидия миқдорини билмаслигини тан олган респондентларнинг 16 фоизи субсидия тўланиши ҳақида хабарнома олган. Респондентларнинг 40 фоизи ипотека субсидияларини, шу жумладан, бошланғич бадал ва фоизларни тўлаш миқдорлари ва тартибларидан бехабар эди. Ипотека кредитлари бўйича ягона маслаҳат маркази мавжуд эмаслиги сабабли сўров иштирокчиларининг 88 фоизи ипотека субсидияларини олувчилар ва/ёки талабгорлар учун бепул маслаҳатлар ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайди.

Натижалар қандай?

Сўровнинг таҳлилий натижалари ҳам коррупция хавфи омилларига ишора қилмоқда, хусусан:
ариза топшириш жараёни ва унинг аниқ мезонларида шаффофлик йўқлиги;
танлов комиссияси фаолиятида шаффофлик ва очиқлик йўқлиги;
субсидия олиш имкониятини ошириш учун норасмий мукофотлар сўралиши/берилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалиш ҳолатлари;
ягона маслаҳат маркази йўқлиги ва субсидия олиш жараёни, шартлари тўғрисида маълумотлар камлиги;
ипотека субсидияларини олишнинг тартиб-қоидалари тўғрисида фуқаролар хабардорлиги тўлақонли эмаслиги ёки нотўғри маълумотга эгалиги.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар