“Invest Finance Bank” АЖ жаримага тортилди — Рақобат қўмитаси

05.11.2024 10:52

Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “Invest Finance Bank” АЖнинг кредит хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилганлиги аниқланди.

Бунда, "Invest Finance Bank" АЖ томонидан Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида эълон қилинган "50 000 000 танишларсиз, 50 кун фоизларсиз, 5 йилга, таътил учун, таъмирлаш учун, техника учун" мазмунидаги реклама ахбороти берилганлиги кузатилди.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, фақатгина “Infin Black" кредит картаси учун 50 миллион сўмгача, 60 ойга, йиллик 23,99 фоиздан кредит ажратилиши, картадан нақд пул ечиш 2 фоиз, картадан картага пул ўтказиш 1 фоиз, алоҳида белгиланадиган фоиз ставкаси йиллик 25,55 фоиздан 54,75 фоизгача кўрсатилган.

Кредит бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

Юқоридагиларга кўра, қўмита махсус комиссияси томонидан "Реклама тўғрисида"ги ҳамда "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунлар  талаблари бузилиш аломатлари юзасидан "Invest Finance Bank" АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий  жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар