Сентябрь ойида Фарғона вилоятида маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари фаолияти очиқлиги ҳолатини ўрганиш юзасидан жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Бу ҳақда Антикоррупция агентлиги хабар бермоқда.
Сўров натижаларига кўра:
Респондентларнинг 52 фоизи давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ўртача баҳолаган (паст – 21 фоиз, юқори – 16 фоиз).
38 фоизи маҳаллий давлат органларининг расмий манбаларида ўз фаолиятига оид маълумотларни жойлаштириш сифати ва тезкорлигидан қониқишини, 26 фоизи қониқмаслигини таъкидлаган.
16 фоиз респондентлар маҳаллий давлат органларининг расмий веб-сайт манзилларидан бехабар ҳамда улардан фойдаланмайди.
17 фоиз респондентлар маҳаллий давлат органларида ташкил этилган Ишонч телефонлари ёки Call-марказлари фаолиятини қониқарли баҳолади, 16,4 фоиз эса аксинча.
Давлат идоралари томонидан амалга оширилаётган молиявий сарф-харажатлар ҳақида маълумотларнинг очиқланишидан фақатгина 24 фоиз сўралганлар хабардор, 44 фоиз респондент бу турдаги маълумотлар очиқланишидан қониқмайди, 20 фоизи учун эса бу маълумотлар қизиқ эмас.
Респондентлар фикрича, маҳаллий ҳокимликлар (13 фоиз), таълим (15 фоиз), соғлиқни сақлаш (10 фоиз) ва банк (6 фоиз) тизими фаолияти бошқа соҳаларга қараганда очиқ ва шаффоф.
Коррупцион хавф-хатар энг юқори бўлган соҳалар сифатида соғлиқни сақлаш (30 фоиз), таълим (17 фоиз), маҳаллий ҳокимлик (13 фоиз) ва қурилиш (7 фоиз) қайд этилди.
Респондентларга кўра, коррупцияга қарши жазо чораларини кучайтириш (39 фоизи), таълим ва тарбияга эътибор қаратиш (25.2 фоизи), жамоатчилик назоратини ошириш (14.3 фоизи) лозим.