Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди.
Қирғизистон сув ресурслари вазири ўринбосари Алмазбек Сокеев сўзларига кўра, мамлакатдаги умумий сув оқими 47 миллиард куб метрни ташкил этади, шундан 12 миллиарди Қирғизистонда қолади, қолган қисми қўшни давлатларга берилади.
Жумладан, Ўзбекистон 2024 йилда Қирғизистондан 6 млрд куб метр сув олган.
Шунингдек, жорий йилда Қозоғистон Чуй вилоятидан 138 миллион куб метр, Талас вилоятидаги Киров сув омборидан эса 420 миллион куб метр сув олган.
"Шартномага кўра, вегетация даврида сувнинг 80 фоизини ўзимизга қолдирамиз, 20 фоизини Қозоғистонга берамиз. Бошқа пайтларда 58 фоизи бизда қолади, 42 фоизи Қозоғистонга кетади", дейди Алмазбек Сокеев.
Маълумот учун, Ўзбекистонга сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа давлатлардан келади, 20 фоизи мамлакатда ҳосил бўлади. Таҳлилларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 млрд куб метр сув етишмайди.