“Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан "DAVR BANK" АТБга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, "DAVR BANK" АТБ томонидан эълон қилинган "Davr mobile иловасида 50 000 000 сўмгача онлайн микрокредит” мазмунидаги реклама ўрганиб чиқилганда, микроқарз бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмагани маълум бўлди.
Банкнинг расмий веб-саҳифада эса микроқарз исталган мақсадларда фойдаланиш учун ажратилиши, "Davr mobile" иловаси орқали расмийлаштирилиши, қарз олувчи камида охирги 6 ой давомида доимий иш жойига ҳамда ойлик даромадга эга бўлган бўлиши лозимлиги кўрсатилган.
Шунингдек, микроқарз муддати – 60 ойгача, фоиз ставкаси – 43,00 фоиз, қарз миқдори – 50,0 млн сўм этиб белгиланганлиги аниқланган.
Иккинчи ҳолатда, Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида “Тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача кредит, 24 % дан" мазмунидаги рекламалар жойлаштирилган.
Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, кредит:
асосий воситаларни сотиб олиш учун;
-муддати – 60 ойгача;
-фоиз ставкаси – 32,99 фоиз;
-миқдори – 5 миллиард сўмлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.
Аммо кредит бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.