Аҳоли сайловларга қанчалик жиддий қараяпти?

23.10.2024 12:49

 

“Ижтимоий фикр” сайлов юзасидан аҳоли орасида август–октябрь ойларида ўтказган социологик тадқиқот натижалари билан бўлишди (https://ijtimoiyfikr.uz/oz/tadqiqotlar/siyosat-va-huquq/256640.htm). Ушбу сўровларда 4 минг нафардан ортиқ киши иштирок этди.  Тадқиқотнинг сўнгги босқичини ўтказиш пайтида мамлакатнинг 84,8% фуқаролари 2024 йил “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови йили” ҳисобланишидан хабардор экани маълум бўлди.

Социологик сўровлар кўрсатишича, фуқароларнинг сайловда иштирок этиш истаги барқарор ошиб бормоқда. Биринчи босқичда иштирок этиш ниятини билдирганлар сони 63,5% бўлган бўлса, сўнгги босқичда бу кўрсаткич 71,6%га етган.

Тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, аксарият сайловчилар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга таъсир қилиш ва давлат бошқарувида қатнашиш имкониятига эга эканини англаб, сайловларга жиддий ёндашмоқда.

Aҳолининг қизиқиши етарлича юқори

Сўров жараёнида мамлакат сиёсий кун тартибига аҳолининг қизиқиши етарлича юқори даражада эканлиги қайд этилди, хусусан, электорал фаолликнинг ошиши кузатилмоқда, ўзбекистонликлар давлат ишларига эътибори ва бўлажак овоз бериш тадбирида фаол иштирок этиш ниятини намоён этмоқдалар. Шуни таъкидлаш жоизки, мониторинг сўровлари натижаларига кўра, овоз бериш санаси қанчалик яқинлашгани сайин, унда иштирок этиш истагини билдираётганлар фоизи шунчалик кўпроқ бўлмоқда – агар биринчи босқичда (август) 77,9% ўзбекистонликлар сайловларда иштирок этиш ниятини билдирган бўлсалар, сўнгги босқич натижаларига кўра (октябр) ушбу кўрсаткич 82,6% даражасигача ўсиб борди.

Cиёсий партияларнинг сайловолди дастури айнан қандай масалалар ечими асосида қурилиши керак?

Жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгида сиёсий партияларнинг сайловолди дастури айнан қандай масалалар ечими асосида қурилиши кераклиги ҳақида етарлича аниқ тасаввур шаклланган. Партиялар сайловолди кампаниясининг асосий таркибий қисмлари таълим сифати ва ундан фойдаланиш имкониятлари (56,6%), аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш (42,2%), мамлакатни янада ривожлантиришнинг иқтисодий стратегиялари, солиқ тизимини такомиллаштириш масалалари, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун солиқ ставкаларини пасайтириш, аҳолининг реал даромадларини ошириш усуллари, ишлаб чиқариш соҳасини, жумладан, замонавий технологиялар ва “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида ривожлантириш (30,7%) масалаларига дахлдор бўлиши керак. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш (23,4%), фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш (19,3%), энергетика муаммоларини ҳал қилиш (18,3%), инфратузилмани яхшилаш (18,0%) масалалари ҳам сайловолди кампаниясининг аҳамияти кам бўлмаган жиҳатлари бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови арафасида ижтимоий-сиёсий вазиятни социологик тадқиқ этиш натижалари тобора ўсиб бораётган электорал фаоллик ҳақида сўзлаш ва овоз бериш кунида сайловчиларнинг юқори даражадаги иштирокини прогнозлаш имконини беради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар