35 йил фақат байрам қилдикми? (Ёхуд тил ҳақида фойдасиз мулоҳазалар)

21.10.2024 11:39

Бугун 21 октябрь− тил байрами. Ҳа, биз бу санани 35 марта нишонладик холос. Негаки, юртимизда ҳанузгача ечим топмаётган лотин, кирилл муаммоси, атамаларни она тилимизга муқобиллаштириш, саводсизликка яққол мисол бўла оладиган нотўғри исм-фамилиялар, бир қарасангиз очилиб, зум ўтмай яна ёпилаётган тил департаменти, қонунчиликка зид реклама баннерларини кўравериб, давлат тили мақомига шубҳа қиласан киши.

Негаки, тилимиз илдизи она заминдан узила бошлади, ўзи бирмунча заифлашиб, сунъийлашиб қолди. Шўрлик ўзбек тили ажнабий тилларнинг ноғорасига хўп ўйнади. Ўйнай бериб-ўйнай бериб, охири боши айланадиган, оёғи чалишадиган бўлиб қолди. Давлат тили, ҳужжатлар ўзбек тилида олиб борилсин дейилди-ю, идоралардаги қоғозлар ғализ иборалар билан тўлиб-тошди, суд қарорларини ўқисангиз, бир-бир ярим бетлик узундан-узун, чувалган жумлалардан ҳеч нимани тушуниб бўлмайди. Илм-фан тили ҳақида гапириб ҳам ўтирмайлик. Ҳатто бадиий адабиёт тилини ҳам жин чалиб кетди. Пойинтар-сойинтар ёзишга, телевидение ё радиога чиққанда эса ундан ҳам бешбаттар қилиб сўзлашга ўрганиб қолдик. Фақат ҳар тил байрамида ўзбек тилини эслаб, бир икки шеър, иншо ёзамиз-у, яна “далше” кетаверамиз. Чойхона-ю, сартарошхона, янги қурилаётган бинолардан тортиб, қишлоғимдаги бобом давридан қолган дўконгача, ўқув марказлари, мактаб-у, боғчалар, барча-барчаси чет элнинг хўрозқандини ётиб ялаш билан банд. “Beauty salon”, “ Perfect school”, “Мы открылись”, маникюр, педикюр. Ҳатто қишлоғимдаги сутчи хола ҳам “қатиқ бор” деган ёзувни ўчириб, ўрнига “Малочний домик” деб ёзиб қўйган. Бу каби ғализликлар тишимизга тегмай қўйган, қулоқ ўрганган.

Айниқса, реклама баннерлари ҳақида гапирмаган одам қолмади ҳисоб. Талаблар қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган, бироқ бунга амал қиладиган ҳам, қонун ижросини назорат қиладиган ҳам бирор зот йўқ. 2022 йилнинг 6 июнь куни  “Реклама тўғрисида”ги янги қонун имзоланиб, сентябр ойининг бошида кучга кирган эди. Бироқ мана икки йилдан ошдики, бирор тадбиркор идораси, дўкони ё савдо маркази пешидаги реклама лавҳаларини янгилашга ҳаракат қилганини кўрмадик.

Ўзи қонунда нималар белгилаб қўйилган?

“Реклама тўғрисида”ги қонунда рекламада қўлланиладиган тилга, шунингдек, реклама мазмунини давлат тилидан бошқа тилларга таржима қилишга нисбатан янги талаблар белгиланган. Жумладан, қонуннинг 6-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.

Шунингдек, ушбу моддада қуйидагилар белгилаб қўйилган:
—Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
—реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
—ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
—рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
—теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

Ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг амал қилиши:
—фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;
—кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.
Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.

Қонунлар бор, аммо амал қилинмайди

Ўтган 35 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, парламент томонидан ўзбек тили тўғрисида кўплаб қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.  Аммо… Миллий ижтимоий муҳитда тилга, унинг тараққиётига бефарқлик билан қараш авж олиб боряпти. Четдан кирган ўгай сўзлар ҳисобига тилимиз “ёввойилашиб” бормоқда. Тил фақат “муомала воситаси” деб қаралди ва “муомала воситаси” қандай бўлиши эътибордан соқит қилинди. Тил “даласини” шу тариқа турли ёввойи ўтлар тобора шиддат билан забт этди.  Давлат тилига бўлган эътибор ва унинг аҳамиятлилик даражасини ошириш ҳақида ҳеч ким ўйламади.

Масалан, Германияда масъул идора немис тилидан бошқа тилда мурожаатлар кўриб чиқмайди.  Ирландияда эса давлат тили сифатида ирланд ва инглиз тили қабул қилинган. Давлат органларида давлат тиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинаётганини текшириш бўйича алоҳида орган мавжуд. Агар давлат органи ушбу ташкилотга ҳужжатларни тақдим қилмаса, улар билан ҳамкорлик қилмаса, ушбу орган мансабдор шахси учун 2000 еврогача жарима ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланган. Бу текширувлар натижасида тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланса, давлат органи мансабдор шахси жавобгарликка тортилиши мумкин.

Грузияда эса “Давлат тили тўғрисида“ги қонунга кўра, давлат корхона ва ташкилотларида фақат грузин тилида иш юритилади, зарурат туғилса, ҳужжатлар бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин, аммо бу таржималар расмий ҳужжат ҳисобланмайди.

Қатарда эса 2019 йилда қабул қилинган янги қонунга кўра, барча давлат органлари ва расмий ҳужжатларда араб тилидан мажбурий фойдаланилади. Қонун талабларига амал қилмаганлик учун 50 000 қатар риали (14 000 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима белгиланган.

Биздачи? Фаолияти она тилимиз билан бевосита алоқадор ташкилотларнинг бирортаси давлат тили борасида жон куйдиргани, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борганини кўрмаганмиз. Қонун бор, аммо унга ҳеч ким амал қилмайди, ижроси таъминланмайди, қоидалар қоғозларда қолиб кетган.
“Реклама тўғрисида”ги қонун ҳам юқоридаги каби ижросиз, назоратсиз қонунлардан бўлиб қолаверди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар