Давлат тилини ривожлантириш департаменти нималарни ўзгартира олди?

21.10.2024 10:12

Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг раҳбари ўринбосари Бекзод Шукуров Rost24 сайтининг тил бўйича берган саволларига қисман жавоб берди.

Суҳбат давомида Бекзод Шукуров давлат тили соҳасидаги давлат тили сиёсатини амалга ошириш, ўзбек тили алифбосида иш юритилишига тўлиқ ўтиш департаментнинг  асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

2019 йил 21 октябрда Президент фармони асосида ташкил қилинган департамент 5 йил ичида қандай ютуқларга эришди?

Ўринбосар томонидан давлат идораларининг 98% и лотин тилидан фойдаланишга ўтганлиги, 2023 йилда 6 жилдли лотин ёзувига асосланган 85 минг сўздан иборат ўзбек тилининг изоҳли луғати нашр қилинганлиги департаментнинг ютуқлари сифатида кўрсатилди.

Жорий йил якунига қадар, "Ахборот технологиялари изоҳли луғати", "Кимё атамалари изоҳли луғати", "Тиббиётга оид атамалар изоҳли луғати", "Жой номлари изоҳли луғати", "Юридик атамалар изоҳли луғати", "Спортга оид атамалар изоҳли луғати" , "Солиқ соҳасига оид изоҳли луғат" каби луғатлар нашр этилиши режалаштирилаётганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, тил бўйича "Ўзбек тили қалбим таржимони", "Энг яхши ўзбек  тили ўқитувчиси" " Қадринг баланд бўлсин, она тилим" каби танловлар ҳар йили ўтказилиши ҳақида маълумот берилди.

Она тилимизни оммага тарғиб қилиш, уни ҳимоя қилиш ва ўзбек тилида маълумотлар базасини кенгайтириш  учун қандай тарғибот ишлари олиб борилмоқда?

Шукуров  ўзбек тили олимлари  билан тилимиз ҳақида турли ведиороликлар олинаётганлиги, давлат телеканалларида кўрсатувлар ташкил қилнганлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан "Wikistipendiya" лойиҳаси татбиқ этилгани каби жавоблар билан чекланди. Суҳбат "давлат тилини умуммиллий ҳаракатга айлантириш Департаментнинг асосий мақсади эканлиги" билан якунланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар