Самарқанддаги мактабда спорт зали можароси: Вазирлик раддия берди, журналист эса жавоб қайтарди

26.02.2021 12:19

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева: "Вилоятдаги 405 та мактабда спорт зали йўқ". 

Таҳририятдан: Сайтимизда 16 февраль куни журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг “Халқ таълими вазирлиги бажара олмаган ишни уддаламоқчи бўлган тадбиркор овораю сарсон” сарлавҳаси остида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга очиқ хати эълон қилинган эди.

Унда Самарқанд шаҳар 60-сонли умумтаълим мактабининг авария ҳолатидаги фойдаланилмасдан турган спорт зали биносини янги спорт зали қурмоқчи бўлган тадбиркорга бериш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш иши пайсалга солиб келинаётганлиги хусусида сўз юритилган эди.

Очиқ хатга жавобан таҳририятимизга юборган мактубида вазирлик ўз зиммасидаги вазифани бажарганлигини, таъкидланган.

Раддия билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин:

“Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг (2020 йил 26 октябрдаги 04-01/149-сон) ташаббус хати билан Самарқанд шаҳар 60-сонли умумтаълим мактабига янги спорт зал биноси қуриб бериш шарти билан унинг бўш турган спорт зал биноси ўрнида тиббиёт маркази қуриш учун “Аслиев Алишер Фахриевич” якка тартибдаги тадбиркорга бериш таклиф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 январдаги ПФ-4933-сон Фармонига асосан маҳаллий ҳокимият органларига давлат кўчмас мулк объектларини инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда «ноль» харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги ПФ-5552-сон Фармонига асосан таълим муассасаларининг бўш турган объектлари фаолият йўналиши бўйича тадбиркорлик субъектларига фақат давлат-хусусий шериклик асосида, тегишли вазирлик ёки идора давлат шериги сифатида иштирок этган ҳолда, берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу мактабнинг фойдаланилмасдан бўш турган спорт зал биносида умум ўрта таълимга тегишли бўлмаган фаолият тури (тиббиёт маркази) ташкил этилиши сабабли, Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 3 декабрда 01-04/2-750-сон хати билан Самарқанд шаҳар 60-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган спорт зал биносини ушбу мактабга янги спорт зал биноси қуриб берилгандан сўнг, ҳокимлик захирасига ўтказилишига ўз ваколати доирасида қарши эмаслиги билдирилган”.

Биз очиқ хат муаллифига мурожаат қилиб, вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида, ҳолатни Халқ таълими вазирлиги эътирозини инобатга олган ҳолда ўрганишни сўрадик.

Самарқанд шаҳридаги 60-сонли мактаб спорт залининг ички кўриниши

Хайрли ишнинг ортга сурилишига ким айбдор: вазирликми ёки маҳаллий ҳокимият органи?

Муаллиф:

Халқ таълими вазирлигининг мактубида жумладан шундай дейилган: “Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 3 декабрдаги 01-04/2-750-сон хатида Самарқанд шаҳар 60-сонли мактабнинг фойдаланилмасдан бўш турган спорт зал биносида умум ўрта таълимга тегишли бўлмаган фаолият тури (тиббиёт маркази) ташкил этилиши сабабли (таъкид бизники – муаллиф ушбу мактабга янги спорт зал биноси қуриб берилгандан сўнг, ҳокимлик захирасига ўтказилишига ўз ваколати доирасида қарши эмаслиги билдирган”.

Ушбу жавобдаги маълумотга эътибор қаратинг: бўш турган бинода тиббиёт маркази ташкил этилиши сабабли уни янги бино қуриб берилгандан сўнг ҳокимлик захирасига ўтказилишига қарши эмаслиги билдирилган. Вазирлик бу гапни қаердан олди? Эски спорт зали биносида ким тиббиёт маркази ташкил этган экан? Кимдир спорт залининг ечиниш хонаси тепасида “Стоматология” деган ёзувни кўриб шундай хулосага келганми? Жавоб мактуби ёзишда ва кимнингдир ҳаракатсизлигини оқлашга асос бўлади деб ҳисобланган ушбу хабарни юқорига етказганлар нега ҳақиқатни билиш учун мактаб маъмуриятига мурожаат этмади?

Мактаб директори Шоиста Улуғованинг сўзларига қараганда, 2019 йилнинг 20 октябридан бошлаб бўш турган спорт залининг ечиниш хонасида ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида стоматология хонаси ташкил этилган эди ва у коронавирус пандемияси туфайли карантин ўрнатилгунча, яъни 2020 йилнинг 15 мартигача фаолият юргизди. Мактаб биносининг ўзида стоматология хонаси учун бўш жой топилмаганлиги сабабли ихтисослаштирилган болалар стоматология поликлиникаси шифокори Фаридун Нарзиев ўқувчиларга шу ерда хизмат кўрсатган.

Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 3 декабрдаги хати “бўш турган спорт зал биносида умум ўрта таълимга тегишли бўлмаган фаолият тури (тиббиёт маркази) ташкил этилиши сабабли” эмас, балки янги спорт зали қуриб бермоқчи бўлган тадбиркорнинг мурожаати асосида Самарқанд вилоят ХТБнинг 2020 йил 27 октябрда вазирликка юборган мактубига жавоб тариқасида ёзилган эди. Эътибор қаратинг, вазирлик мурожаатга 35 кун деганда жавоб қайтармоқда.

Вазирга ёзилган очиқ хат эълон қилинган куни каминага вилоят ХТБ бошлиғи ўринбосари Элмурод Суяров қўнғироқ қилиб, 60-мактабнинг спорт зали масаласида вазирлик ўз зиммасидаги вазифани бажарганлигини ва янги бино қурилгандан кейин эски бинони тадбиркорга бериш масаласи шаҳар ҳокимлиги ваколатига киришини уқтирди. У очиқ хат эълон қилинганлиги тўғри бўлмаганлиги ва бу ҳақда гаплашиб олиш учун вилоят ХТБ бошлиғи шаҳар ҳокимлигида тўпланишни таклиф этаётганлигини билдирди.

Кечқурун шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган муҳокамада ҳоким Бобирмирзо Облоқулов ва унинг ўринбосарлари, шаҳар бош архитектори, “муҳим иш билан бандлиги” сабабли тадбирда қатнаша олмаган ВХТБ бошлиғи ўрнида унинг ўринбосари Э.Суяров ва ташкилот юристи ҳамда очиқ хат муаллифи ва тадбиркор Алишер Аслиев иштирок этди.

Муҳокама жараёнини кузатиб, наҳотки муаммони ечишнинг қонуний йўли бўлмаса, деган фикр мени тарк этмади. Вазирлик мавқеини ҳимоя қилаётган ВХТБ вакиллари “вазирлик мактабга янги спорт зал биноси қуриб берилгандан сўнг эски бино ҳокимлик захирасига ўтказилишига қарши эмаслиги билдирилгани етарли” эканлигини таъкидлашди.

Ҳокимлик масъуллари эса бунга жавобан шундай дейишди: вазирлик янги бино қуриб бергандан сўнг эски бино ҳокимлик захирасига ўтказилишига қарши эмаслигини билдиргани тадбиркорга янги спорт зали қуришга рухсат дегани эмас. Вазирлик хатида аниқ қилиб “қуриб бергандан сўнг” дейилган. Тадбиркор қайси асосда қуришни бошласин? Бундан ташқари, хатда эски бино ҳокимлик захирасига ўтказилиши уқтирилган. Бундай бўлган тақдирда, у жой ким ошди савдосига қўйилиши лозим. Янги спорт зали қуриб берган тадбиркор ўртада куйиб қолиши мумкин-ку!

Ҳар икки томон ўзининг ҳақлигини исботлашга уринаётган баҳс-мунозаранинг охири кўринмасди. Охири, муаммонинг қонуний ечимини тополмаган мутасаддилар уни умуман кун тартибидан чиқариб ташлашни лозим кўрди. Қандай қилиб дейсизми?

Мактаб ҳудудида эмас, ундан ташқарида жойлашган эски спорт зали ўрнида давлат дастурига киритган ҳолда янгисини қуришга келишиб олинди. Гўёки агар мактаб ҳудудида спорт зали қурилса, ўқувчилар учун жой торлик қиларкан, норма бўйича ҳар бир ўқувчига 24 метр квадрат ер тўғри келиши керак экан. Буни қаранг, шу баҳонада мактаб майдони ўқувчи сонига қараб қанча бўлиши лозимлигини ҳам билиб олдик. Лекин ўша мутасаддилар холислик билан айтсинчи, мамлакатимизда нечта мактабда ушбу мезонга жавоб берадиган майдон мавжуд?

Иккита обрўли давлат ташкилотининг масалани қонуний ҳал қилишга қудрати етмаганлиги туфайли шу вақтгача ўқувчилари жисмоний тарбия дарсини ўтишга имкони бўлмаган мактаб жамоаси спорт зали қурилишини яна қанча вақт кутади? Ахир, мактаб беш-олти ой ичида ана шундай керакли иншоотга эга бўлиш имкониятидан айрилди-ку! Маҳалла эса камида 40та иш ўринидан жудо бўлди. Чунки тадбиркор эски спорт зали ўрнида икки қаватли иншоот қуриб, унда тикув цехи, савдо дўкони, тиббиёт офиси ва дорихона жойлаштирмоқчи эди. Унинг лойиҳаси шаҳарсозлик кенгаши тасдиғидан ўтган эди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева 25 февраль куни ўтказган матбуот анжуманида вилоятдаги 405 та мактабда спорт зали йўқлигини уқтирди. Бунинг оқибатида жисмоний тарбия дарси об-ҳавога қараб ё очиқ майдонда ўтилиб ёки ўтилмасдан қолаётган экан. Нотиқ спорт зали қуриш катта маблағ талаб қилиниши боис, бу иш босқичма-босқич амалга оширилишини қайд қилиб ўтди.

Шундай экан, бепул ва йўқ жойдан спорт зали қуриб бермоқчи бўлган тадбиркорни вазирлик ва бошқарма амалий ёрдам кўрсатса бўлмайдими?!

Тошпўлат Раҳматуллаев,

журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
26.02.2021 22:06
Рост гапни айттиз. Болалар янги спорт зал куриб берилишини эшитиб канча хурсанд булган еди. Уларга нима учун курилиш бекор килганини тушунтириб беролмаяпман