Жорий йилнинг 8 ойида ер участкаларини ноқонуний равишда эгаллаб олган 394 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда АОКА да ўтказилган брифингда айтиб ўтилди.
Қандай жавобгарлик бор?
Маълумки, ер — давлат мулки. Шундай экан, ер участкаларини кўрсатиб ўтилган тарзда ноқонуний равишда эгаллаб олган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 60-моддасига мувофиқ ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга — эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга — уч юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2023 йилда 335 нафар, жорий йилнинг 8 ойида эса 394 нафар
Статистик маълумотларга кўра 2023 йил мобайнида айнан мазкур модда билан 335 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо тайинланган.
Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 60-моддаси билан 394 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шу билан бирга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-1-моддасига асосан, жавобгарликка сабаб бўлади.
Суғориладиган ер майдонлари билан боғлиқ вазият
Қонунчиликда суғориладиган ер майдонлари алоҳида муҳофазага эга бўлиб, суғориладиган ерлардан фақат Ер кодексида назарда тутилган мақсадлар учунгина фойдаланиш мумкин. Мазкур тоифадаги ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Ўз навбатида мазкур модда билан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар ҳақидаги маълумотларга эътибор қаратайлик. 2023 йил давомида Жиноят кодексининг 229-1-моддаси билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқиш натижасида 587 нафар шахс судланиб, уларга нисбатан жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида эса ушбу модда билан 638 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. !
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 229-6-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Маълумотларга кўра ўтган йилда Жиноят кодексининг 229-6-моддаси билан 44 нафар шахсга айблов ҳукми чиқарилган. 2024 йилда эса мазкур модда билан 47 нафар шахсга нисбатан жиноий жазолар тайинланган.