Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаровнинг 4,5 йилга озодлиги чекланди

11.10.2024 10:02



Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Азимжон Назаровга нисбатан 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд уни бир неча жиноятларда айбдор, деб топди. 

Гап шундаки, жиноят иши доирасида 2024 йил 10 январдан 21 майга қадар ҳибсда сақланаётган Азимжон Назаров ўз айбига иқрор бўлмай, ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигини айтиб, суддан адолатли қарор чиқаришини сўраган. Судланувчининг айби эса гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тўлиқ исботлангани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24vмартдаги қарори асосида “Жанубий ҳудудларда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошириш муносабати билан Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида умумий қиймати 376,71 млн АҚШ доллари миқдорида кредит битими имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш, кредит ва қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавобгарлик Сув хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилди.

Азимжон Назаров эса ўзининг ўринбосари ва МЧЖ бош ҳисобчиси билан биргаликда мазкур лойиҳанинг маблағларини ноқонуний ўғирлаш бўйича жиноий режа тузган. Лойиҳа унга жалб қилинган мутахассислар томонидан амалда бажарилмаган, ўрнига бажарилган иш турлари тўғрисида нотўғри маълумотлар кўрсатилган жадвал ва счёт-фактуралар тайёрлаш орқали жиноят амалга оширилган.

Бундан ташқари, суд ҳукмига кўра, Азимжон Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган вақтида мансабдор шахсларга нисбатан бепарволик кўрсатган. Бунинг натижасида насос стансияларини модернизация қилиш билан боғлиқ йирик лойиҳа қиймати 95,4 миллион АҚШ долларига оширилган. Бу эса лойиҳа буджетидан 3,7 миллиард сўмнинг асоссиз сарфланишига олиб келган.

Депозит ҳисобварағига ўтказилган 7 млрд 79 млн сўм 562 428 АҚШ доллари зарарни қоплаш учун давлат даромадига ўтказилди.

Шунингдек, суд Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Имом Ат-Термизий кўчасида жойлашган “Назар бизнес ва технология” МЧЖ офиси сифатида фойдаланилган бинони мусодара қилиш ва етказилган зарарнинг қолган қисмини сотишдан тушган маблағнинг бир қисми билан қоплашни белгилади ва қолган маблағлар эса давлат даромадига ўтказилади, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар