Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида рус тили дарсида ўқитувчи ўқувчини гап қайтаргани учун калтаклагани видеоси тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровадан ҳолатга муносабати сўралганда, бу воқеага зудлик билан ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосланса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чора кўрилишини сўраган. "Биз бу масалани диққат билан кузатиб борамиз", деган Захарова.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо бу ҳолатни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши эканини айтиб, Мария Захарова бу гаплари учун Ўзбекистондан кечирим сўрашини, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш беришини сўради.
"Мени ҳайрон қолдиргани, мактаб Ўзбекистонда, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси. Нега мустақил бир давлатда бўлган бир ҳолат учун Москвага тушунтириш берилиши керак?! Нима, улар ҳалигача Ўзбекистонни ўзининг губернияси деб ҳисобламоқдами?! Ё андишанинг отини қўрқоқ деб ўйлашяптими?", деб ёзди Минҳожиддин Мирзо ўз фейсбук саҳифасида.
Айтиб ўтиш ўринлики, Минҳожиддин Мирзо маънавият маркази раҳбарлиги вақтида бу каби ташқи таҳдидларга умуман муносабат билдирмаган ҳолда сукут сақлаб келгани, аммо энди гапиришга журъат топаётгани, эътиборга молик жиҳат.