BYD норасмий импортёрлардан фарқли жиҳатларини маълум қилди

19.09.2024 21:17

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда BYD автомобилларининг ягона расмий дистрибьютори “BYD Central Asia” компанияси ҳисобланади ва мамлакат бўйлаб 18 та расмий дилерлик ва хизмат кўрсатиш марказларига эга. 

Расмий дистрибьюторнинг маълум қилишича, BYD Ўзбекистон бозорига кириб келгач, ўзбек ва рус тилида, 4G булут хизмати билан жиҳозланган мультимедиа тизимини ва автомобилни масофадан бошқариш дастурини ҳам ўрнатган.

 Бундан ташқари расмий BYD қуйидагиларни маълум қилади: 

– Расмий дилерлар орқали сотиладиган автомобиллар маҳаллий бозорга мослаштирилган. Хусусан, юқори қувватли, модернизация қилинган кондиционер компрессори ҳам жойлаштирилиб, иқлими нисбатан иссиқ бўладиган Ўзбекистон шароитига мослаштирилди. 

– DM-i супер-гибрид бошқарув тизими ҳам маҳаллий бозордаги ёқилғи сифатини ҳисобга олган ҳолда созланмоқда, бу эса автомобилнинг энергия самарадорлигини ва маҳсулот барқарорлигини янада оширишга ёрдам беради. Бу эса расмий дилерлик марказлари томонидан таклиф этилаётган автомобиллар Ўзбекистоннинг реал шароитига тўлиқ мослашганини ҳамда уларнинг норасмий импорт орқали олиб келинган автомобиллар билан солиштирганда узоқроқ муддат хизмат қилиши ва юқори сифатга эга бўлишини кўрсатади. 

– Шуни таъкидлаш керакки, расмий дилерлик марказларидан сотиб олинган барча BYD автомобиллари бренднинг саноат стандартларига мувофиқ кафолати билан таъминланган (автомобиль учун 6 йил ёки 150 000 км ва батарея, электр двигатель ва электрон бошқариш модули учун 8 йил). Ушбу кафолатни норасмий импортёрлар тақдим қила олмайди.

Ўзбекистонга норасмий импорт орқали олиб келинадиган автомобиллар билан расмий дилерлик марказлари томонидан таклиф этилаётган автомобилларнинг юқорида айтилган техник фарқларини ҳисобга олган ҳолда, BYD норасмий импортни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилмоқда. 

“Норасмий каналлар орқали сотиб олинган автомобиллар расмий кафолатга эга бўлмайди. Шу сабабли, BYDнинг расмий дилерлари сертификатланмаган тарзда олиб келинган автомобилларга кафолат хизматини кўрсатмайди”, – дейилади “BYD Central Asia” компаниясининг хабарида. 

Бундан ташқари, расмий дистрибьютор барча мулти брендли дилерларга расмий тартиб-қоидаларга риоя қилмасдан олиб келинган автомобилларни сотмаслик тўғрисида қатъий кўрсатмалар берилганини билдирмоқда. Чунки бу транспорт воситаларининг сифати ва яроқлилигини хавф остига қўяр экан. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, BYDнинг расмий дистрибьютори харидорлардан автомобиль сотиб олишда эҳтиёткор бўлишларини ва юқори сифатли, халқаро стандартларга эга бўлган расмий дилер танлашини сўрамоқда. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар