Биз эътибор қилишни истамaётган фактлар

31.08.2024 13:27

Париж-2024 Олимпиадасида медаллар шодаси билан қайтган спортчиларимиз муносиб кутиб олиниб, қўша-қўша совғалар берилиши жамоатчиликда етарлича эътирозларни келтириб чиқарди.

Муштлашганга миллионлаб пул, уй ва машиналар берилади-ю, илм бўйича ғолибларга битта ноутбук берилиши адолатсизлик, дея жар солганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.

Энди шу жойда фактлар билан мулоҳаза юритамиз:

Германияда немис тили бўйича биринчи ўринни олган қизимизнинг ўз меҳнати ортидан эришган ютуғи таҳсинга сазовор, албатта. Шуни ҳам тан олиш керакки, мазкур мусобақа фақат Олмониянинг ўзида ўтказиладиган немис тили бўйича беллашув ҳисобланади. Иккинчидан, қизимизнинг олган билими келажакда албатта ўзи учун ҳали кўп бора асқотади.

Спортчиларимизга келадиган бўлсак, Олимпиадада иштирок этадиган йигит-қизларимиз ёшликдан фақат спорт билан шуғулланиб, айни ўйнаб-куладиган болалигини спортга тортиқ қилганлар ҳисобланади.

Бугун миллат қизларининг тимсолига айланган Диёра Келдиёрова ҳам ёшлигини ўйнаб ўтказса бўлар эди. Аммо у ўспиринлик даврини ҳам спортга бахшида этиб юборди. Айни кунда 26 ёшга кирган Диёра ҳам турмуш икир-чикирлари билан ўралашиб, фарзандлар дунёга келтириб яшаса бўлмасмиди? Йўқ. У спортнинг энг юқори чўққисига боришни мақсад қилди. Ва шунга эришди ҳам.

Айтмоқчи бўлганимиз, Олимпиада чўққиси ва Ўзбекистон шаъни учун бой берилган йўқотишларнинг ўрнини ҳам қоплаш жоиздир, агар қоплашнинг имкони бўлса.

Илм олиш ва уни сарфлаш вақт танламайди. Аммо спорт билан шуғулланиш вақти чегараланган. 30-40 ёшдан сўнг спортда натижаларга эришиш мушкул ҳисобланади.

Бадантарбия машғулоти билан соғлиққа эга бўлиш мумкиндир. Аммо кучли босимлар остидаги мусобақаларда фақат жароҳат орттирилгани қолади холос. Бу йўқотишларнинг ўрнини пул билан ҳам қоплаб бўлмайди.

Ўтмишдаги хатоларимиз

Мустақиллик бошидаги Олимпиада ғолибларини ёдга оламиз:

Лина Черязова. 1994 йил Лиллехаммерда ўтган қишки Олимпиадада Лина Черязова сабаб, Ўзбекистон илк бор олимпиада олтин медалига эга бўлган эди. 

Аммо у даврларда олимпиада ғолибларини рағбатлантириш деган тушунчалар бўлмаган. Шу сабаб бўлса керак, Черязованинг кейинги тақдири жуда аянчли якун топди. Олимпиада ғолиби бўлган йили кейинги мусобақаларга тайёрланиш жараёнида бошидан олган жароҳати туфайли, 1998 йили спортни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Шундан сўнг, Ўзбекистондаги эътиборсизлик сабаб у Россияга кетишга қарор қилган. Эски жароҳати сабаб 2019 йил 51 ёшида Россиянинг Новосибирск шаҳрида вафот этди.

Оксана Чусовитина. 8 карра Олимпиада иштирокчиси сифатида Гиннес рекордлари китобидан жой олган Оксана Чусовитина лекемия касалига учраган ёлғиз ўғлини даволатиш учун Германия билан шартнома тузишга мажбур бўлади. У 2006 йилдан 2012 йилгача Олмония терма жамоаси номидан тушиб, 2008 йилги Олимпиадада Германия ҳисобига кумуш медални ёздириб қўйган. Чусовитинанинг ҳам спортда айни чўққиларни эгаллайдиган даври Ўзбекистонда олимпиада ғолибларини рағбатлантириш урф бўлмаган даврларга тўғри келган эди.

Руфат Рисқиев 1976 йилда Канаданинг Монреал шаҳрида ўтказилган олимпиадада собиқ СССР жамоаси номидан финалга чиққан ягона боксчи бўлган.

Р.Рисқиевнинг Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремлёвнинг шахсан ўзи назоратига олгунга қадар бўлган тақдири жуда аянчли ҳолда эди. Ҳаттоки, унга тайинланган энг кам пенсия еб-ичишига ҳам етмаган эди. У узоқ йиллар давомида бошидан ўтказаётган қийинчиликларининг асосий омили албатта спортда орттирилган жароҳатларидир.

Ривожланган Ғарбда ҳам хатолар йўқ эмас

Солфрид Коанда. Париж-2024 Олимпиадасида ғолиб бўлган норвегиялик 25 ёшли оғир атлетикача Солфрид Коанда олтин медалини сотишга қарор қилибди.

Норвегия медиасининг маълум қилишича, Коанда 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган Олимпиадага тайёргарлик кўриш учун шу қарорга келган.

"Ёки яна электрчилик касбимни давом эттираман ёки Олимпиада-2028 га тайёргарлик кўриш учун олтин медалимни сотишга мажбурман”, – деган Париж-2024 олтин медали соҳибаси.

* * *

Юқорида фақат ҳеч бирини инкор этиб бўлмайдиган асосий фактларни келтирдик, холос. Спортни танлаб пушаймон бўлганларни санаб саноғига етиб бўлмайди, аслида.

Олимпиадачиларимизга берилаётган совғаларга эътироз билдираётган ҳамюртларимизга шу жойда савол туғилади: Ватан шаъни учун курашиб, соғлиғини йўқотган атлетларимизнинг ҳолидан бирор марта хабар олдингизми? 

Ваҳоланки, жараёнга холисона қарайдиган бўлсак, жамоатчиликда ҳам айб йўқдек туюлади. Негаки, юқорида келтириб ўтилган фактлардан, спортдаги йўқотишлардан одамларимиз бехабар бўлиши ҳам мумкинку?

Асл воқийликни ва спортда топишдан кўра, йўқотишлар кўп бўлишини ҳамюртларимизга етказадиган медиа ишлаши лозим.

Асл ҳақиқатни жамоатчиликка тушунарли қилиб етказса, халқ тушунади албатта. Фақат етказадиган махсус одамлар озгина кўриниш бериши лозим.

Матбуот котибларимиз эса, ҳаттоки, википедияда турган маълумотларга ҳам ўта махфий тус берган ҳолда сир сақлашни ва спортчилар билан суратга тушишни қойиллатишади, холос.

Матбуот котибларига биргина айтаримиз: спортда ошкор бўлишидан қўрқадиган сирли нарсанинг ўзи йўқ, озгина ишлаш керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар