Билимни баҳолаш агентлиги эътирозларга Президент қарорини сабабчи қилиб кўрсатди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 2024/2025 ўқув йили учун таълим ташкилотларига кириш тест синовларининг дастлабки якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди.
Мазкур анжуманда қатнашган Rost24.uz мухбири қуйидагича савол билан мурожаат қилди:
- Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўзининг расмий саҳифасида ҳуқуқшуносликдан тушган барча саволлар давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида шакллантирилган дея изоҳ берган. Лекин шахсан ўзимиз ҳам тест жараёнида қатнашган абитуриентлар билан суҳбатлашдик. Саволлар тавсия этилган 4 та китоб ва Конституциядан ташқари тушган. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги буни қанчалик рад этмасин, вазият аслида ҳали тўлиқ очиқлангани йўқ. Вазият шу ҳолича қоладими? Ёки ўзи аслида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг нияти ҳақиқатдан ҳам талабаларни йиқитиш бўлганми?
Ушбу саволга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Зафарбек Олимбеков жавоб берди:
- Бу саволга жавоб беришдан олдин аслида биз тест саволларининг осон ёки қийинлиги ва улар нима асосида шакллантирилади, деган саволга жавоб беришимиз керак. Президентимизнинг 2020 йил декабрь ойидаги қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 261-сонли қарори тест имтиҳонларини тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат ҳисобланади. Бу ҳужжатларда тест топшириқлари айнан умумий ўрта таълим тизимига қўйиладиган ДТС ва улар асосида шакллантириладиган ўқув дастурлари асосида шакллантирилиши белгиланган. Бугунги кунда кўпчилик талабгорлар эълон қилинган 4 та дарслик ва Конституция деган иддаони жуда кўплаб беришяпти. Лекин буларни эълоннинг юқори сарлавҳасида, ўқишга тавсия этилган адабиётлар деб беряпмиз, тест топшириқларини шакллантирадиган адабиётлар рўйхати демаяпмиз. Дарсликда йўқ деган норозичилик ҳам бўлди. Аммо ҳуқуқшунослик энг тез ўзгарувчи ижтимоий фан эканлигини инобатга олишимиз керак. Қонунчиликда ортга қайтиш хусусияти мавжуд эмас. Ўқув дастури ўзгармаган, фақат қонун ҳужжатлари ўзгараяпти. Ҳуқуқ фанидан дарс берадиган педагогларимиз ўқувчиларга қонундаги ўзгаришларни ва дарсликдаги маълумот эскирган эканлигини ҳам айтиб ўтишади. Дастурда қайси мавзу мавжуд бўладиган бўлса, шу мавзу доирасида шу қонун ҳужжатининг асл манбаига мурожаат қилганмиз. Адабиётлар нега тавсия этиляпти? Бу абитуриентларнинг чалғимаслиги учун. Тест топшириқларини еча олишлари учун энг камида мана шу адабиётларни ўқиши лозим. Ўқувчилар қонун ҳужжатларининг асл матни билан танишишлари учун мактаб ўқув адабиётларида QR код берилган. Ўқувчилар таълим жараёнида QR код орқали қонун ҳужжатининг асл манбаи билан танишиши ҳам дарсликнинг ўзида бевосита топшириқ сифатида бериляпти.