Билимни баҳолаш агентлигининг мақсади хорижга мигрант тайёрлашми?
Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш учун яхшигина ҳаракатлар олиб борилаётгани хеч кимга сир эмас. Аввалига рақобатни кучайтириш мақсадида хусусий олий таълим муассасалари лицензиялаштирилди, магистратура учун тил билиш сертификатлари жорий қилинди, кредит модул тизимида ўқитиш бошланди.
Лекин биз кутган илмий рақобат - бизнес рақобатга, тил билиш сертификати - кадрлар муаммосига, кредит модул тизими эса - қонуний порахўрликка айланиб кетди.
Энди таълим сифатини ошириш мақсадида кириш имтихонларини янада мураккаблаштиришга уринмоқдамиз. Аслида ушбу тест имтиҳонлари абитуриентларнинг билимини текшириш ва саралаш учун ўтказиладими ёки уларни имтиҳондан йиқитиш учун?
Бу йилги тест имтиҳонлари эса ҳали тугамасиданоқ жуда кўпчилик томонидан танқидларга учрамоқда. Rost24.uz ушбу мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида, ижтимоий тармоқларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга бермоқчи бўлган Феруза Иброҳимова билан суҳбат ўтказди.
"Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан қилинган биринчи хато, бу абитуриентларнинг икки сменада киргани. Чунки, биринчи сменадаги абитуриентлар чиққанидан кейин саволлар тарқалиб кетди. Деярли 30 та тўғри ечганларнинг 80 фоизи иккинчи сменада кирганлар.
Иккинчи хато - саволлар ўқув қўлланмадан тузилиши керак дейилган, аммо саволлар умуман қўлланмада йўқ ва жуда мураккаб тузилган. Ота-оналар қанча меҳнат билан ўқитишган фарзандини, лекин ҳатто анча йиллик тажрибага эга юристлар еча олмайдиган саволларни талабалар қандай ечсин?
Билимни баҳолаш агентлигининг баёнатида айтилишича, китобнинг орқасида QR код бор дейилган лекин қайси мактабда қайси устоз ўқувчиларга QR коддан фойдаланиб дарс берган? Ҳеч қайси мактабда бундай дарс ўтилмайди.
Метрополитен ҳақида савол тушган, буни вилоятдан, қишлоқдан келган абитуриент қаердан билсин?
Санкцияларни ҳаттоки юристларнинг ўзи ҳам ёдламаган ва у ўзгариб туради. Ҳозир бўлажак юристлар эртага Ўзбекистон келажаги бўлишади. Ҳозир уларга адолат қилинмаса, улар қандай шахс бўлиб етишади? Улар ҳақиқатга ишонишадими?
Тестни, ёки бошқатдан ўтказишсин ёки ўқув қўлланмадан ташқари тушган саволларни тўғри қилиб ҳисоблаб беришсин", - дейди Феруза Иброҳимова.
Бошқа давлатларда абитуриентлар олий таълимга ўз соҳасининг мутахассиси бўлиш учун ҳужжат топширишади. Ўзбекистонда эса, олдин мутахассис бўлиб кейин ўқишга топширишадими? Айнан ҳуқуқ фанидан тушаётган саволларни, ҳаттоки анча йиллик тажрибага эга бўлган ҳуқуқшунослар ҳам ечишда қийналади. Хўш, унда бу саволларни абитуриентлар қандай ечсин? Айнан ҳуқуқ фанидан имтиҳонга кирган абитурентларнинг ҳам фикрини ўргандик.
Абитуриент Диёра Акбархўжаева: - Тўғриси, мен 2-3 йил олдин бошлаганман тайёрланишни. Мен ўзимга ишонардим, чунки мен китобни ёдлаб чиққанман. Тестга кирдим, биринчи бўлиб ҳуқуқ фанини ечдим, 3 та кетма-кетликда кодексдан саволлар берилган эди, шу жойнинг ўзида менинг руҳим синди. Атрофга қарадим, тестда ўтирган барча мен ҳис қилаётган нарсани ҳис қилаётган эди. Шу пайтда бизни руҳан синдиришди. Йил давомида мен жудаям қийналиб тайёрланганман. Республика бўйича ҳозир минглаб абитуриентлар норозичилик кайфиятида. Улар ҳам қанчалик қийналиб тайёрланишган.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўзининг расмий саҳифасида ҳуқуқшуносликдан тушган саволлар бўйича барча саволлар ДТС ва ўқув дастурлари асосида шакллантирилган, дея изоҳ берган. Юқорида эса, биз тест имтиҳонларига кириб чиққан абитуриентларнинг фикрини эшитдик. Хўш, ушбу мавзуга ким ҳаққоний жавоб беради? Ким ҳақ-у, ким ноҳақ?