Спорт бўйича махсус телеканали бор Ўзбекистон аҳолиси футболни кўнгилочар телеканалда томоша қилишмоқда.
Айни кунларда бутун дунёнинг нигоҳи 2024 йилнинг энг йирик спорт мусобақаси – футбол бўйича "Евро-2024" ўтаётган Германия стадионларига қаратилган.
Ўзбекистонда ҳам чемпионат катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Ажабланарлиси шуки, Европа чемпионатини Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг "Sport" телеканалида эмас, аксинча, мусиқий-кўнгилочар “ZorTV” телеканали орқали кузатиб бораяпмиз.
Спорт мусобақаларини ёритиш ва трансляция қилиш учун давлат томонидан миллиардлаб сармояга очилган махсус спорт телеканалимиз бўла туриб, чемпионатни айнан хусусий кўнгилочар телеканалда кузаётганимиз жуда ажабланарли ҳолдир.
Маълумотларга кўра, “Zo`rTV” телеканали “Евро-2024” трансляцияси ҳуқуқини 1,2 миллион АҚШ долларига сотиб олган. “Zo`rTV” сарфланган ушбу суммасини қоплаб, фойдага кирганини чемпионат доирасида қўйилаётган рекламалардан ҳам билиш қийин эмас.
Мазкур имкониятдан нега "Sport" телеканали фойдалана олмаганининг сабабини билиш учун канал директори Зоҳид Каримов билан боғландик.
“Нега телеканал чемпионатнинг трансляция ҳуқуқини сотиб олмади?”, деган саволга З.Каримов “Бунга МТРК жавоб бера олади, СпортТВ катта чемпионатлар трансляцияларини сотиб олишга тўғридан-тўғри аралаша олмайди”, деган жавобни берди.
Шундан сўнг маълумотларимизга аниқлик киритиб, турли шубҳа-гумонларга чек қўйиш мақсадида, МТРК раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Иқтисодий масалалар бўйича раис ўринбосари Мадамин Сафаров ва Молия бошқармаси қўнғироқларимизга жавоб бермади. МТРК раисининг ёрдамчиси “бу масалаларга фақат раиснинг ўзи жавоб бера олади”, дея алоқани узиб, телефонини бошқа кўтармади.
Спорт бўйича энг йирик халқаро мусобақаларни Марказий Осиёга трансляция қилиш ҳуқуқини Туркиянинг Saran Media компанияси қўлга киритган.
Бу компания нега футбол бўйича европа чемпионатини Ўзбекистоннинг махсус спорт телеканалига бермади, деган савол туғилиши табиий. Аввало, трансляция ҳуқуқини сотиб олган компания ким кўпроқ нарх таклиф қилса, шунга беради. Яна бошқа бир маълумотларга кўра, МТРК Туркиянинг Saran Media компаниясидан олдинги шартномалар бўйича қарздор эканлиги айтилади.
МТРК ҳақиқатдан Туркия компаниясидан қарздорми ёки йўқ, шу саволга аниқлик киритиш учун МТРК раҳбарияти билан боғланиб кўрдик. Аммо, юқоридаги гап...
Давлат бюджетидан миллиардлар ажратиладиган махсус спорт телеканалимиз катта даромад келтирадиган халқаро мусобақа трансляцияси ҳуқуқини нега сотиб олмагани сирлигича қолмоқда.
Энг кучли шарҳловчилар жам бўлган "Sport" телеканали ходимларининг ўзи футбол бўйича европа чемпионатини кўнгилочар телеканал орқали томоша қилишмоқда. НЕГА?