Open budjet: бу йил байрам қиладиганлар тахминан уч баробарга камайиши мумкин

31.03.2024 16:55

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси сўнгги йилларда оммалашди. Аҳоли ғолиб бўлиш учун ҳар қандай инновацион йўлларни қўллаб кўришмоқда. Бу лойиҳага масъул Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам ҳам қараб тургани йўқ, улар ҳам имкон қадар ғолиблар сонини камайтириш чораларини излашмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигини чўчитган рақамларга эътибор қаратамиз: 2023 йилги биринчи мавсумда 16 миллион ўзбекистонлик овоз бериб, рекорд янгиланган эди. Натижада эса, 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Ғолиб лойиҳалар ижросига 1,6 триллион сўм ажратилди. Кейинчалик 2 мингтадан ортиқ овоз олиб ғолиб бўлолмаган яна 1,3 мингта лойиҳани молиялаштириш учун қўшимча 1,3 триллион сўм ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари, танловда 1,5 мингта овоз олиб, ғолиб бўлолмаган лойиҳалар 2024 йилги бюджет дастурига киритилиши белгиланди.

Лойиҳа ўзбекистонликлар орасида шу қадар оммалашдики, 2023 йилдаги биринчи мавсумда овоз берганлар сони 2021 йилда овоз берганлардан 13 баравар кўп бўлди. Рақобат катталигидан, одамлар ўз лойиҳаси ғолиб бўлиши учун турли йўлларни излашга мажбур бўлган.

Оммалашиш давом этаётгани боис, 2024 йил мавсумида ғолиблар сони янада кўпайиш эҳтимоли сезилиб қолганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса, рақамлар янада катта кўриниш ҳосил қилмаслиги учун чораларни излай бошлади. Чунки, ҳукуматнинг “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича аҳоли олдида ўтган йилдаги қарзи ҳам турибди.

Изланишлар самара берди. Натижа шуки, “Бир одам – бир овоз” схемаси танланди. Яъни, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг махсус электрон базасини электрон ҳукумат билан интеграция қилиш орқали бир фуқаро бир мартадан кўп овоз бериш имконияти чекланди.

Ўтган йилларда номида нечта сим-карта бўлса, шунча овоз берилар эди. Одамлар ҳаттоки, ўнлаб сим-карта сотиб олиб, овоз бера бошлашган эди. Улар кўчаси асфальт бўлиши, фарзандлари ўқийдиган мактаблар таъмирланиши учун ҳар қандай йўлларни излаб топишаётган эди. 

Энди эса “бир одам – бир овоз” лойиҳаси билан имкониятлар чеклаб қўйилди. Бу эса, ғолиблар сони каррасига камайишини англатади.

Ўзбекистон аҳолиси 36 миллиондан ортиқ бўлса, уларнинг 20 миллиондан зиёди овоз бериш ҳуқуқига эга. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил биринчи мавсумида 16 129 764 фуқаро овоз беришда қатнашган. Бу юртимиз аҳолисининг қарийб 45 фоизи ҳисобланади.

Сўнгги йилдаги рақамлар ўсишига эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилги овоз бериш жараёнида 1,1 миллион фуқаро қатнашган бўлса, 2022 йилнинг биринчи мавсумида улар сони 6,7 миллиондан зиёдроқ бўлган эди. 2023 йилнинг мос даврида 16 миллион овоз йиғилган. Бир йилда фаоллик 9,3 миллионга ошганини кўрсатмоқда. Йилдан йилга ошиб бораётган рақамлар жорий йилда ҳам янги рекорд ўрнатиши кундек равшан бўлиб қолганди.

Ғолиблар сонини камайтиришга хизмат қиладиган “бир одам – бир овоз” схемасига ўтиш учун турли таклифлар берилди. Улар орасида берилган овозларни IMEI орқали идентификация қилиш, телефон рақамларга ЖШШИРни интеграциялаш ва жараён якунлангач, нофаол сим-карталарни аниқлаш кабилар бор эди.

“One ID” орқали овоз беришга ўтиш таклифи ҳам берилган. Аммо, бу таклиф фуқаролар учун мураккаб жараён бўлгани сабабли қаноатлантирилмади. Ўтган йилда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги овоз бериш жараёнига Face ID тизимини татбиқ этмоқчи бўлди, аммо бу ҳам одамларга қийинчилик туғдириши ҳисобга олинди.

“Бир одам – бир овоз” принципига ўтилгандан сўнг кўчада овоз учун курашлар янада авж олганини кузатиш мумкин. Мазкур услуб овозлар нархини ҳам кескин ошириб юборди. Айни кунда битта овоз нархи 50 минг сўмгача кўтарилган. Ҳаттоки, мингта овоз учун машинасини ҳам тикаётганлар учрамоқда. Бу харажатлар албатта фуқароларнинг шахсий маблағидан амалга ошириляпти.

Йилдан-йилга рақобати кучайиб бораётган овоз йиғиш жараёнига эса ҳар доимгидай бюджет ташкилотларининг ходимлари ҳам жалб қилиниши ачинарли ҳол.

«Очиқ бюджет» портали маълумотларига кўра, 2024 йил биринчи мавсуми учун 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан маъқулланган ташаббуслар сони салкам 30 мингтага етган аммо, “Бир одам – бир овоз” принципи билан чеклов жорий қилингандан сўнг етарли овоз тўплай оладиган лойиҳалар сони кескин камайиши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар