Зарафшон шаҳарида ҳам "Истeъмолчилар уйи" очилди

07.03.2024 12:05

Белгиланган ижтимоий лойиҳалар доирасида Зарафшон шаҳар ҳокимлигининг амалий кўмаги билан "КУМУШ АСЛ НАВОИЙ" масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти учун маъмурий бино — “Истеъмолчилар уйи” мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилди. Куни кеча айни мажмуанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг янги маскани очилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, шаҳар ҳокими Назирбек Раҳманов, шаҳар сектор раҳбарлари, вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари раҳбарлари, корхона, ташкилот раҳбарлари, маҳалла фаоллари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросими давомида сўзга чиққанлар мазкур мажмуа очилиши "Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” арафасида соҳа ходимлари учун ўзига хос совға бўлгани ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишларида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлашди. 

Эндиликда бу масканга ташриф буюрувчи фуқаролар — истеъмолчилар нафақат ўзларини қийнаб турган муаммолари билан мурожаат қилишлари мумкин, балки бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Шунингдек, бу ерда фуқароларнинг қўшимча маънавий озуқа олишлари учун ҳам шароитлар ҳозирланмоқда. Яъни мажмуада барча китобхонлар учун зарур адабиётлар билан бойитилган кутубхона фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ва Навоий вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж. Ходжаев иштирок этди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар