ББС Ўзбек хизмати журналисти ИИБга чақирилган

29.02.2024 10:14

ББС Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафонинг хабар беришича, у Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Ички ишлар бўлимига «суҳбатга» чақирилган

«Мени «топиш»дан аввал милиция ходими икки марта 58 яшар, нафақадаги ўқитувчи опамни безовта қилган ва Чилонзор тумани «РУВД»сига келишини айтган. Мен опамга борманг дедим.

Қизиғи, мен 2017 йилдан бери Чилонзорда «прописка»да турмайман, «пропискам» Лондондаги Ўзбекистон элчихонасида», – деган И.Сафо.

Журналистнинг маълум қилишча, Чилонзор туман ИИБ ходими тўлиқ исм-шарифи ва рутбасини айтишдан бош тортган. Ходим журналист интернетда Ўзбекистон ҳақида «негатив» ёзгани учун «Президент администрацияси қошидаги оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилувчи марказ»дан топшириқ олганини айтган. 

Журналистнинг айтишича, милиция ходими «Ўзбекистон ҳукуматини обрўсизлантириш» тўғрисидаги қонунга ишора қилган, бироқ бу қандай қонун эканига аниқлик киритмаган.

ББС Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафонинг хабар беришича, у Миллий боғдаги қуриб қолган кўл ва Magic City қурилиши ҳақидаги пости туфайли Ўзбекистон ички ишлар идораларига «суҳбатга» чақирилган. Журналистнинг ёзишича, бу унинг Лондондаги 20 йиллик фаолияти давомида биринчи марта содир бўлмоқда.

Ибрат Сафо ўз постида ҳеч қандай исм-шарифлар келтирмаганини, шунчаки вазият ҳақида «тадбиркор, собиқ ҳоким ўз оғзи билан Magic City`га эгалигини» айтганидан кейин гапирганини билдирган.

«Шундан норози бўлишибди. Ходимнинг неча ёшлиги ё журналистика борасидаги билимини билмайман, лекин у мени “патриот” бўлмасликда айблади ва бундай постларни ёзишни тўхтатишимни буюрди. У ўзининг "патриот" эканини ҳам айтди. Айнан қандай мавзуларда ёзишим мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўраганимда, жавоб бермади. Қачон Ўзбекистонга келишимни билишга уринганида, ундан авиачипта сўраганим ҳам негадир унга ёқмади. Энди шикоятини Ташқи ишлар вазирлигига жўнатар экан», — деб ёзди журналист суҳбат BBC студиясида ёзиб олинганини таъкидлаб.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар