Бузилиш навбати Тошкентдан кейин Бухорогами?

27.02.2024 10:14

Ижтимоий тармоқларда Бухоро Арена марказий стадионининг бузилиш ҳолатлари акс этган видео тарқалди. Видеода икки йил олдин миллиардлаб пул сарфлаб таъмирланган ва ўриндиқлари янгиланган стадиондаги ўриндиқлар шунчаки синдириб яроқсиз ҳолатга келтирилаётганини кўриш мумкин.

2024 йил 21 февралдан бузилиши бошланган стадион ўрнида ва унга туташ ҳудудларда Бухоро туризм маркази қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда 2022 йил 26 декабрда бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилиш баёнида айтилган эди.

Бундан ташқари, ўтган йили январь ойида Қурилиш вазирлиги ва Бухоро вилоят ҳокими иштирок этган матбуот анжуманида журналистлар ва жамоатчиликнинг Бухоро марказидаги демонтаж ишлари бўйича берилган саволларига "Агар лойиҳа тасдиқланиб, шариф шаҳримиз инфратузилмасини янгилаш амаллари бошланса, ҳоким сифатида ваъда бераман, инвестор янги стадион қуриб бергандан кейингина Бухоро стадионини бузиш бошланади», – деган эди. Лекин бу гаплар жамоатчиликни тинчлантириш учун айтилгани бир йил ўтиб маълум бўлди.

Иқтисодчи, блогер Отабек Бакиров (Bakiroo) ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ушбу ҳолатни 2019 йил 13 ноябрда Тошкентда сквердаги дарахтлар кесилиш ҳолати билан солиштирган.

"Мен, тўғриси билмайман, улар Ўзбекистон ва Ўзбекистоннинг биринчи пойтахти улуғ Бухоронинг душманларими ёки йўқми.

Лекин ишончим комилки, бузғунчилар бузиш жараёнидан худди босқинчилар каби лаззат олишмоқда.

Яна ишончим комилки, Бухорода 2024 йил 26 февраль Тошкентда 2009 йил 13 ноябрда сквердаги дарахтларни кесишнинг бошланиши каби эсда қолади ва тарихга қора саҳифа бўлиб киради.

Яна ишончим комилки, яқин тарихимиздаги самарасиз ва зараркунанда лойиҳаларнинг ясама туристик марказлар қурилишига бевосита боғлиқлиги мавжуд ва бунда Бухоронинг бузилиши ҳам истисно эмас. Бу ҳалқалар ҳақидаги шармандали суриштирувлар чиқиши вақт масаласи холос. Ҳеч нарса унутилмайди", деб ёзади блогер.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 30 декабрида Бош вазир А.Арипов томонидан "Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида ўтказилган йиғилиши баён"и билан Бухоро шаҳрининг 32,6 гектар ҳудудида туризм шаҳарчасини қуриш, ҳудуддаги 29 та ташкилот ва муассасаларни бошқа ҳудудларга белгиланган тартибда кўчириш таклифлари маъқулланган. Ушбу маъқулланган таклифлар орасида Бухоро стадиони ҳам бор.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар