Ерлар сотилиб бўлингандан кейин яратилган "Е-Yer nazorat" дастури қанчалик самара беради?

24.02.2024 08:59

"Е-Yer nazorat" ATT дастури ишлаб чиқилди    

Ушбу дастур орқали ерларни ўзбошимчалик билан билан эгаллаб олиш ва қурилиш ишларини амалга оширишда ҳуқуқбузарликларни олдиндан аниқлаш мумкин. Дастур Кадастр агентлиги, Бош прокуратура ва “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан яратилди. Дастурнинг яна бир устунлиги, космик суратларни қайта аниқлаш орқали ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини ва ноқонуний биноларни аниқлаш мумкин. Бунда ҳар бир ҳудуддаги ерларни назорат қилувчи инспекторларга махсус планшет ва боди-камералар берилади, улар ушбу қурилмалар орқали "Ўзбеккосмос" агентлиги олган суратлар билан белгиланган ҳудудни солиштириш натижасида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлай олади.  

Охирги икки ёки уч йилда ерларни ноқонуний эгаллаш, ноқонуний иншоот қуриш ҳолатлари жуда кўп учраяпти. Дастур ушбу ҳолатларнинг олдини олиш учун бизга олдинроқ керак эди. Rost24.uz сайти мухбирининг "Нега бундай дастур олдинроқ яратилмаган?" мазмунидаги саволига Кадастр агентлиги директор ўринбосари Мирсаид Мирмаксудов қуйидагича жавоб берди:

- Бу тизимни 2020 йилда ишлаб бошлаган эдик. Бу нарсалар олдин фақат қоғозда юритилган, назорат тадбирларининг ҳам қай тартибда юритилиши кўрсатилмаган. Кўп ҳолатларда судга берилган баённомаларнинг нотўғри тасдиқланганлиги, ҳужжатлаштиришда қўйилган хатоликлар ёки асос бўлмаганлиги тўғрисидаги сабаблар билан ютқазиб қўйган ҳолатлар кўп бўлган. Биз 2021 йилда рақамлаштириш орқали бу жараённи тўлиқ низомини ишлаб чиқдик, ҳужжатлаштиришдаги тамойилларни ҳам аниқ белгилаб олдик. Бу орқали энди судларда ҳам бемалол асос билан келтира оламиз. Тўғри, бу олдинроқ қилиниши керак эди. Лекин 2020 йилдан бошлаб бу нарсаларга асосий урғу берилди.   

Кадастр агентлиги томонидан ноқонуний ер эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланса, фуқарода ерга эгалик ҳуқуқи бўлса, лекин ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказмаган бўлса унга давлат рўйхатидан ўтказиш учун 15 кун муддат берилади. Шунингдек, агар ноқонуний ер эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланса, фуқароларга 1097 қисқа рақами орқали тўғридан тўғри агентликка мурожаат қилиш имконияти ҳам яратилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар