Олий суд раиси ўринбосари Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорларга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига Прокуратура органлари хулосасини сабаб қилиб кўрсатди.
Ушбу собиқ амалдорларга Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ҳукми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Аммо айбдорлар жазони ўташ учун қаттиқ тартибли қамоқхонага эмас, балки манзил-колонияга юборилган. Бу эса жамоатчиликда эътирозларга сабаб бўлган эди.
Кеча, 20 февраль куни Олий суд биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимов амалдорларга нима учун бундай енгил жазо берилганини эса мавжуд қонунларимиз шуни тақазо этиши билан изоҳлади:
“Қонунда биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланса, уни манзил-колониясида ўташи қатъий белгиланган”, – деди Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимов.
Муслимовнинг сўзларига кўра, жиноятчилар жазони манзил-колонияда ўтаётганининг сабаби улар бу жиноятни биринчи марта содир этганлиги экан.
“Прокуратура органлари уларнинг ҳаракатида бу аломатлар йўқ, деганидан кейин судларимиз эълон қилинган айб доирасида жазо тайинлашга мажбур бўлди. Алоҳида таъкидламоқчиманки, эълон қилинган айблов доирасида максимал жазо тайинланди. Уларга қонунда белгиланган 3 йиллик жазони бердик”, – деди Олий суд раиси ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорлар ҳозирда Самарқанд вилоятидаги 37 ва 38-манзил-колонияларда жазо ўтамоқда.