Мактабгача таълим агентлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигидаги лойиҳа натижалари

08.02.2024 10:04

2019-2023 йилларда Мактабгача таълим агентлиги ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Самарқанд ва Наманган вилоятларида "Илк ривожланиш марказлар"и лойиҳаси тажриба сифатида амалга оширилди. 

Лойиҳанинг асосий мақсади боланинг ёши ва индивидуал имкониятидан келиб чиқиб, алоҳида индивидуал ва инклюзив таълим олиб бориш эди. Илк ривожланиш марказларида дастлаб мактабгача таълимга қамраб олинмаган ва чекка қишлоқларда яшовчи мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлмаган болалар билан ишланади. 

Ушбу лойиҳа учун Самарқанд вилоятининг Тайлоқ тумани ҳам танланган. Илк ривожланиш марказларида бугунги кунда 3 мингдан ортиқ тарбияланувчи таълим олмоқда. 2022-2023 йилларда 20 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар ўзлари тенги болалар билан оддий мактабга бормоқда. 

Мактабгача таълим тизимида чекка ҳудудлардаги кадрлар масаласи кўп ҳолларда муаммо бўлади. Лойиҳа доирасида олий тоифали педагогларни жалб қилиш ҳолатларига эътибор берилдими ёки ўша чекка ҳудудда танланган муассаса ходимлари қайта ўқитилдими?

"Мактабгача таълим тизимида 162 мингта педагог ишлайди. 162 мингтани 56 мингтаси нодавлат секторда ишлайди. Давлат мактабгача таълим муассасаларида 116 мингта педагог фаолият юритади. 116 мингтани 34 фоизигина олий маълумотли, қолган 66 фоизи ўрта-махсус мутахассисликка эга. Лойиҳа доирасида 14 мингта рўйхатни шакллантираётганда биринчи ўринда энг олис тоғли ҳудудлар мактабгача таълим ташкилотларидаги педагогларимизни қамраб олишга ҳаракат қилдик. Лекин 14 мингта деганиям 10 фоиз, агар Самарқанд вилояти мисолида оладиган бўлсак ҳам, 10 фоиз педагогни қисқа малака ошириш курсларига жалб қилдик", деди Мактабгача таълим агентлиги директор ўринбосари Оятулла Раҳматуллаев.

Мактабгача таълим тизимида кўп ижобий ўзгаришлар бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарбияланувчиларнинг болаларни калтаклаган ҳолатидаги видеолари тарқалади. Бу ҳолатлар нега Самарқанд вилоятида ҳам тез-тез учраб туради? 

Бу саволга Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фарруҳ Болтаев "Ҳар бир бундай ҳолатларни таҳлил қиламиз. Таълим муассасаларида ушбу ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича семинарлар ўтамиз. Бундай ҳолатлар 2023 йилда Самарқанд вилоятида 3 тани ташкил этган", дея жавоб берди.

Бундан ташқари, масъулдан соҳадаги мутахассислар барча мактабгача таълим ташкилотларидаги менюлар Тошкент шаҳриники билан бир хил, деган эди. Ушбу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин, деб сўрадик. Масъул Мактабгача таълим агентлиги томонидан ягона 3 та меню таклиф этилганини ва мактабгача таълим муассасалари ўзларига маъқул менюни танлаб олиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар