Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу ўринларга даъвогарлик қилиш учун 100 минг нафар фуқарони имтиҳонга жалб қилади.
Аммо агентлик имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларнинг Кореяда ишлаши кафолатламаслигини маълум қилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 37 407 та иш ўрни учун 100 минг нафар ўзбекистонлик танловларга жалб қилиниши бўйича эълон бермоқда.
Шуни алоҳида айтиш керакки, 100 минг нафар Ўзбекистон фуқароси имтиҳонга жалб қилинади. Ижтимоий тармоқларда эса 100 минг нафар фуқаро Жанубий Кореяга таклиф қилинади, деган маълумотлар тарқалмоқда. Аслида 100 минг нафар даъвогар Жанубий Корея ажратган 37 407 та ўрин (квота) учун омадларини синаб кўришади.
Агентлик тарқатган хабарга кўра, Корея E-9 визаси асосида қуйидаги соҳаларда хорижда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларини танловларга жалб қилади:
Ишлаб чиқариш соҳасида — 22 248 нафар;
Қишлоқ хўжалиги соҳасида — 6 858 нафар;
Хизмат кўрсатиш-2 (меҳмонхона ва ошхона ишлари) соҳасида — 5 403 нафар (асосан аёллар учун);
Қурилиш соҳасида — 2 898 та.
Агентлик талабига кўра, дастлабки рўйхатдан ўтиш жорий йилнинг 8-14 февраль кунлари амалга оширилади. Номзодлар юқоридаги соҳалардан фақат биттасини танлаши керак.
Шунингдек, Миграция агентлиги имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларнинг Кореяда ишлаши кафолатламаслигини ҳам маълум қилган.
“Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишини кафолатламайди”, – дейилади агентлик тарқатган эълонда.