Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақомига эгами?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 389-сонли қарорида янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақомига эга, деб белгилаб қўйилган.
Маълум бўлишича, бундан кейин янги ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган ҳолда парвозга рўйхатдан ўтиш мумкин. Бунинг учун “Uzbekistan Airports” тасарруфидаги аэропортларнинг фаолияти республика транспорт соҳасига оид ҳужжатлар, жумладан, ўзгартиш ва қўшимчалар билан тартибга солинади ҳамда юқори вазирлик ва идоралар томонидан ижро учун юборилади.
Айтилишича, ҳозирда аэропортларда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинадиган ва йўловчиларга улардан фойдаланган ҳолда ички йўналишдаги рейсларга рўйхатдан ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг (ҳайдовчилик гувоҳномаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, ҳарбий гувоҳнома ва бошқалар) якуний рўйхатини идоралараро тасдиқлаш ишлари якунланмоқда.
Маълумот ўрнида, бундан аввал собиқ депутат Расул Кушербаевга тегишли Телеграм каналида "Uzbekistan Airways" АЖ бир фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномасини тан олмагани ҳақида хабар берилган эди.
Хабарда айтилишича, ушбу фуқаро Нукусга электрон авиачипта сотиб олган. Аэропортга келиб, паспорти ёнида эмаслиги сабабли ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатган, аммо аэропорт ходимлари гувоҳномани тан олмаган.
"Хуллас, аэропортда учрамаган одамим қолмади, менга билетни беришмади. Мен Нукусга 486 000 сўмга авиачипта сотиб олиб, 300 000 сўмга таксида кетдим", — деб ёзган эди мурожаатчи.