Журналистик суриштирув ўтказиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси – Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармасликка кирадими?
Мақола тайёрлаш учун борган "Новости Узбекистана" нашри ходими ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз олиб кетилган.
Ушбу ҳолат 14 январ куни Nuz.uz журналисти Михаил Давлатов Учтепа туманидаги мурожаатчилар билан учрашиши ва улар билан 150 га яқин гараж ва 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қурилаётгани тўғрисида ўрганиш олиб бориши керак бўлган. Давлатов аҳоли билан кўришиш учун боришдан олдин ҳокимлик вакиллари, эколог ва бошқа экспертларни ҳам таклиф қилган.
Журналистнинг маълум қилишича, у воқеа жойига борганида 50 метр нарида айримлари ҳуқуқ-тартибот органларининг формасида бўлган бир гуруҳ эркаклар ва Исузу автозакига кўзи тушган.
“Уларнинг ёнидан ўтар эканман, менга мурожаат қилишаётганини эшитиб қолдим, ўгирилганимда фуқаролик кийимидаги биттаси мени чақирди.
Ёнига бориб, гап нимада эканини билмоқчи бўлдим. У эса, бу ерда чекиш тақиқланишини айтди. Мен атрофда тамаки чекишни тақиқлайдиган бирор белги йўқлигини билдирдим. У бўлса, бу ер жамаот жойи ҳисобланиши ва бу ерда чекиш умуман мумкин эмаслигини айтди”, — дейди журналист.
Журналист чекиш мумкин эмаслигини билдирадиган белги йўқлигини айтса ҳам ҳеч қандай асос кўрсатмасдан тумандаги 2-сонли ички ишлар идорасига олиб кетилган ва техникалари олиб қўйилган. Чекиш мумкин эмаслигини важ қилиб кўрсатган ҳуқуқ тартибот органлари идорада журналистдан нима учун митинг ташкиллаштирмоқчи эканини сўраган. Журналист бир неча соат ИИО ФМБда ушлаб турилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича жавобгарлик белгиланган.
Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан кейин АОКА ҳолат юзасидан Бош прокуратурага сўров хати юборган.
Яқиндагина, 12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида бугунги кунда медиа майдондаги ахборот курашига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиб, “Журналист ҳақ бўлса, буни тан олишимиз керак”, деган эди.
Орадан 3 кун ўтиб, Ички ишлар ходимлари жамиятдаги муаммоларни ўрганиш учун борган журналистни белгиланмаган жойда тамаки чекиш мумкин эмас, деган важ билан хонага олиб киришган. Ичкарида эса, Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаганликда айблаб, жаримага тортишган.
Шу ерда ҳақли равишда кулгили савол туғилади: жабрланган аҳолининг мурожаатини ўрганиш Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаганликка кирадими?