Давлат телеканали Тошкентни алоҳида давлат қилишни тарғиб қилмоқдами?

11.01.2024 09:02

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги "Тошкент" телеканалининг "Сиз нима дейсиз?" кўрсатуви эфирга узатилди. Унда бугунги кунда долзарб бўлган "Энди ниқоб тақиб юрамизми?" мавзуси кўтарилган.

Мавзу мунозарасида актёр Музаффар Нуриддинов томонидан айтилган сўзлар ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлмоқда. Актёр жонли эфирда Тошкент ҳавосининг ифлосланишига вилоятдан ташриф буюрувчиларни сабаб қилиб, уларга 3-4 кунлик паспорт тизимини жорий қилишни таклиф қилди.

Яқин ўтмишда халқни кўпгина азобларга дучор қилган, фақат Ўзбекистонга хос бўлган "прописка" тизими Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгандан сўнг бутунлай бекор қилинди. 2023 йил 8 майда Президент  “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармон билан, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун бекор қилинган эди.

Давлат телеканалида эфирга узатилган кўрсатувда актёрнинг сўзлари билан эски "прописка" тизими қайтиши кераклиги тарғиб қилинмоқда. Умуман олганда долзарб муаммо ҳисобланган экология мавзуси кўтарилган мазкур кўрсатувда шу соҳанинг мутахассиси йўқ.

Rost24.uz МТРК телеканалларини кимлар томоша қилиши ҳақида сўровнома ва бир нечта материаллар эълон қилган эди. Натижалар эса телеканалларнинг томошабинлари йўқлигини кўрсатганди.

Юқорида айтилган каби кўрсатувдан хулоса қилинса, телевидение ҳеч ким кўрмайди деб, билганини гапирадиган минбар бўлиб қолдими?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар