Республикамизнинг барча боғчаларида таомномалар бир хил

13.12.2023 18:24

Тошкент шаҳридаги Мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчи нима истеъмол қилаётган бўлса, Мўйноқдаги МТТ тарбияланувчиси ҳам шуни истеъмол қиляпти. 

Мактабгача таълим ташкилотларидаги таомлар ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлади. Бундай ҳолатлар асосан чекка ҳудудларда учрайди. Ижтимоий тармоқларда видеомурожаат йўллаган инсонлар ҳам асосан вилоятларда яшовчи инсонлар бўлишади. Хўш, Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари таомномалари билан Қашқадарё ёки Хоразмдаги давлат мактабгача ташкилотларининг овқатланиш таомномаси бир хилми? Таомлар рўйхатида қуён гўшти ҳам бўлади, деган гап жуда қизғин муҳокама қилинган эди. Ҳозир ҳолат қандай? 

Ушбу саволга Мактабгача таълим агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Фаррух Бобоев жавоб берди:

"Ёзда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги менюлар фарқ қилган бўлиши табиий, чунки унда республика бўйича ягона меню жорий этилмаган эди. Сентябр ойидан бошлаб, бемалол айта оламан, Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасасида бола нима еётган бўлса,  Мўйноқдаги мактабгача таълим ташкилотидаги бола ҳам ўша нарсани еяпти. Бола саломатлиги учун мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланган. Рўйхатда бор маҳсулотларни биз болаларга етказиб берамиз", – деди Ф.Бобоев.  

Мактабгача таълим ташкилоти Бола саломатлиги бўйича бошқарма бошлиғи Дилфуза Ҳасанова қуён гўшти ҳақидаги саволга, "Қуён гўшти бизда рўйхатдаги маҳсулотлар ичида белгиланган. Қуён гўшти калория бўйича мол гўшти ўрнини босади. Шунинг учун уни бериш мумкин", деб жавоб берди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар