Ижтимоий тармоқларда 29 ноябрь куни Карбамазепин дори воситасидан соч толаси чиққани акс этган видеомурожаат тарқалди.
Ижтимоий тармоқ фаоли Фаррух Абдуллаев томонидан ёйинланган мазкур видеомурожаатда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Карбамазепин дори воситасидан соч толасига ўхшаш нарса чиқиб тургани яққол исботи билан ошкор этилган.
Мазкур мурожаат бўйича 2 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” Давлат муассасаси томонидан расмий муносабат билдирилган.
“Мазкур препарат ўрнатилган тартибда лаборатория таҳлилларидан ўтказилгандан сўнг, вазият бўйича қўшимча ахборот берилади”, – дейилган марказ томонидан билдирган расмий муносабатда.
Расмий муносабат билдирилганидан сўнг орадан бир ҳафта вақт ўтса-да, дорининг тақдири ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот берилмади.
Бутун бир миллат тақдирига дахл этувчи мазкур хавфнинг кейинги воқеаларига аниқлик киритиш мақсадида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Матбуот хизмати билан боғландик.
Марказ Матбуот хизматининг маълум қилишича, таркибидан соч толаси топилган Карбамазепин дори воситаси айни вақтда 4 босқичли лаборатория текширувларидан ўтказилмоқда экан.
“Текширув таҳлилларининг натижалари кейинги ҳафта бошларида аниқ бўлади. Текширув натижалари эса ишлаб чиқарувчи билан бўладиган кейинги муносабатни белгилаб беради”, – дейди Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Матбуот котиби Лочинбек Худаёров.