Тарихни қайта тиклаш учун китоблар камлик қилади – Набижон Боқий

08.12.2023 10:27

Тарихнинг қора кунлари ҳақидаги ҳужжатлар бадиий адабиётга кўчди. Ўз асарларида тарихий фактлар, ҳужжатларни жамлаган Набижон Боқийнинг янги "Қодирий қидирган китоб", "Мадфун Туркистон", "Қатлнома" каби асарлари "Тирилиш" нашриёти томонидан нашр қилинди ва тақдимот ўтказилди. Улар орасида "Қатлнома" ёзилганига анча бўлган, аммо маълум вақт тақиқларга учраган асар ҳисобланади. Тақризчи Баҳодир Карим "Қатлнома"га сўз боши ёзар экан, қуйидаги фикрларни айтиб ўтган.

"Қатлнома"ни ўқиган адабиёт мухлислари, айниқса, ёшлар эртага Ғафур Ғулом насри ва шеърларидан, Ойбекнинг "Навоий" романидан, Қаҳҳорнинг ажойиб ҳикоялари-ю "Сароб"идан юз ўгирмасмикин? Минглаб оддий китобхонларнинг ёзувчи зотидан ихлоси қайтиб, ҳафсалалари пир бўлмасмикин? Шусиз ҳам одамлар ўртасида оқибат, ўзаро ҳурмат, ишонч йўқолиб бораётган бир паллада адоват уруғини сочиш, халқни, миллатни жипслаштириш ўрнига ўртага совуқчилик солиш керакмикин?

Шундай катта тарихни жамлаган асарни адабиёт аҳлига тақдим қилиш жараёнлари қандай бўлган? Набижон Боқийнинг сўзларига кўра, "Қатлнома" ёзиб тугатилганидан сўнг уни ўша пайтдаги Ошкоралик кенгаши раиси Эркин Воҳидов ўқиб чиққан ва "Бу ерда ёзилганлар инсонларнинг ҳаммалари устозимиз, бундай ҳолатларни эшитиб юрганмиз, лекин бу даражада эканини билмагандик", деган экан.

Ёзувчи Набижон Боқийнинг ижод қилишида Ёзувчилар уюшмасининг ўрни қай даражада, деган саволни ҳам бердик, Набижон Боқий уюшма ҳақида гапирар экан, "Улар ўз аравасини тортаяпти, мен ҳам. Уюшмадан бошқа менга ёрдам бераман деганлар ҳам жуда кўп. Мен уларга ёқиш учун китоб ёзиб, уй олишни хоҳламайман", деган фикрларни айтди.

Ёзувчига, "Миллатнинг уйғониш даражаси қайси босқичда ва у қачон уйғонади?", деган саволни ҳам бердик, жавоби эса кутганимиздек бўлди. 

"Миллат уйғониши учун китоблар камлик қилади, бу китобларга боғлаб филмлар ишлар керак. Туркия бутун бошли тарихига оид фильмлар ишлади. Бизда ҳам шундай бўлиши керак", – дейди Н.Боқий.

Бундан ташқари, Набижон Боқий билан суҳбат жараёнида ҳозирда Қозоғистондаги махфий архив ҳужжатларидан фойдаланаётганини айтиб ўтар экан, бизда бир нусха саҳифани 20 минг сўмга кўчириб олиш мумкинлиги, лекин у ерда ўта махфий, дейилган ҳужжатлар ҳам ёзувчига бепул тақдим этилаётганини айтиб ўтди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар