“Янги Ўзбекистон” боғига ўрнатилган тарихий монументларни кўрсатиш учун фарзандини олиб борган ижтимоий тармоқ фаоли Кобул Дусов чекловга дуч келган.
“Янги Ўзбекистон” боғи 2022 йил август ойида Қибрай тумани ҳудудининг 104 гектарлик майдонида барпо этилган. Боғда Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихини, аждодларнинг буюк ишларини, халқнинг миллий ўзлигини акс эттирган «Истиқлол» мажмуаси ҳам яратилган. Мажмуанинг ўзига 47,8 миллиард сўм сарфланган.
Мазкур мажмуани томоша қилиш эса, халқ учун мумкин эмас. Халқ учун қурилган боғни видео тасвир ва суратга олиш ҳам тақиқланган. Бу чеклов сабабини боғ маъмуриятининг ўзи ҳам билмайди.
Кобул Дусов билан бўлган воқеадан ҳам билиш мумкинки, тарихимизни акс эттирган «Истиқлол» мажмуасини халқ томоша қилиши мумкин эмас экан. Солиқларимиз ҳисобига қурилган боғни халқ сайр қилишига нима сабабдан чеклов ўрнатилади, деган саволга, боғ қўриқлаш хизмати ходимлари "Мажмуага кириш Бош вазир буйруғи билан тақиқланган, муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ", деган жавобни беришган.
Мазкур жавоб видеода ҳам яққол акс этган. Шунингдек, қўриқлаш хизмати ходимлари ўзларини видеога олмасликни ҳам талаб қилишган.
“Дунёда икки давлат фуқаролари ўз давлатида ўзининг тарихий обидаларини кўриши, уларга яқинлашиши мумкин эмас:
Биринчиси, Фаластиндаги Қуддус, унга фаластинликлар кириши мумкин эмас.
Иккинчиси, Ўзбекистондаги "Янги Ўзбекистон” боғидаги ҳайкаллар, боғни ўзбекистонликлар ва уларнинг болалари кириши ва кўриши мумкин эмас. Чет элликлар ҳатто итлари билан ҳам кириши мумкин”, – дея, Кобул Дусов ўзининг Фейсбук ижтимоий саҳифасида ҳолатга изоҳ қолдирган.
Кобул Дусовнинг кейинги постида маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича Бош вазирнинг топшириғи билан Вазирлар Маҳкамасидан ёрдамчи боғланиб, “Янги Ўзбекистон” боғидаги чеклов бўйича ҳукумат раҳбари Абдулла Ариповнинг ўзи шуғулланаётганини маълум қилган.
“Биз қурган нарсалар аввало болаларимиз учун, ҳатто чет эллик меҳмонлардан ҳам олдин, у ерга болаларимиз ҳақли. Бунақа тақиқ ҳақида мен ҳеч кимга буйруқ ёки топшириқ бермаганман. Эртадан нафақат Қобул Дусовнинг, балки ҳар бир Ўзбекистонлик ва уларнинг фарзандлари боғнинг хоҳлаган жойига кириши, кўриши мумкин. Менинг номимдан ёлғон маълумот бериб, чеклов қўйганларга чора кўрилади”, –дея миннатдорчилик билдирган Бош вазир.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ижтимоий тармоқ фаоли Кобул Дусовнинг биргина пости орқали Ўзбекистондаги оддий, аммо жуда уятли ва шармандали муаммо бартараф этилди.
Шу каби жамоатчилик назорати бўлмаганда, бундай муаммолар Бош вазиргача етиб бормаган бўлар эди. Албатта Бош вазирнинг неваралари бундай жойларга бормаслиги мумкин. Аммо Бош вазирнинг ўзи қадам ранжида қилганда чеклов ва тақиқлар ҳақида лом-мим дейилмайди.
Оддий халқ эса тарихимизни томоша қилишни Бош вазир тақиқлабди-да, деган хулосада кетаверади.