Депутатнинг сўзларига кўра, қувват эмас, кулфат манбаини тақиқлашдан бошқа чора йўқ!
Мутахассислар бу ичимлик тури таркибида инсонга зарар берувчи 20 хилдан ортиқ модда борлиги, у қувват эмас, кулфат манбаи экани ҳақида ҳар куни бонг уряпти. Энергетик ичимликлар юрак хасталигини келтириб чиқаради ва унинг якуни тасодифий ўлимдир.
"Яқинда Бюджетнома муҳокамасида депутатлар таклифи билан энергетик ичимликларнинг ҳар бир литрига 2000 сўмдан акциз солиғи жорий қилинди ва бу тўғри қарор бўлди. Энди бу ичимликни бутунлай тақиқлаш ҳақида бош қотириш лозим", – дейди туман кенгаши депутати Жаҳонгир Зияев.
Дунёнинг қатор мамлакатларида бу маҳсулот сотувига чеклов ўрнатилган. Аксариятида 18 ёшга тўлмаганларга сотиш тақиқланган. Дания, Туркия, Норвегия, Исландия ва АҚШнинг айрим штатларида бундай маҳсулотлар сотуви қатъий чекланган.
Дунё бўйича ҳар йили 200 нафарга яқин одам шундай ичимлик қурбонига айланяпти. Мамлакатимизда ўлим ҳолати қайд этилганини эшитмадим, эшитмайлик ҳам. Лекин бу ичимлик ёшларимиз соғлигига зарар бераётгани ҳақиқат.
Депутатнинг айтишича, сўнгги йилларда ёшларимиз орасида бу ичимликка талаб ҳаддан зиёд ошди. Мактаб ўқувчилари ўртасида ҳам оммалашаётгани бор гап. Бундай ичимликлар мактаб яқинидаги дўконларда ҳам ҳеч қандай чекловларсиз сотилмоқда. Қонунан 18 ёшга тўлмаганларга реализация қилиш тақиқлаган, лекин харидорлардан ёш сўралмаётгани ҳам ҳақиқат.
Асли “қувватбахш” ичимликлар илк бор Японияда 1960 йилда дори сифатида яратилган экан. Кейинчалик Европа ва АҚШ тадбиркорлари бу маҳсулотни оммалаштириш учун таркибига бир қанча кимёвий моддаларни қўшган.
“Энергетик таъмга эга” дея реклама қилинувчи ичимликлар сони борган сари кўпаймоқда. Энергетик ичимликларда кўп миқдорда кофеин, таурин моддалари борлиги маълум. Таурин – энергетик жараённи тезлаштирувчи ва нерв системасини ривожлантирувчи модда. Унинг инсон организми учун суткалик меъёри – 300-400 мг. Энергетиклар таркибида эса бу модда 2 баробар кўп.
Умуман, энергетик ичимликлар қонда тромб пайдо бўлиш хавфини оширади, асабга салбий таъсир кўрсатади, семиришга олиб келади, жигарга зарар етказади, сувсизланишга олиб келади, буйракларга зарар етказади, тиш эмалини емиради. Унинг зарарини яна узоқ давом эттириш мумкин.
"Бугун соғлом авлод ҳақида ўйлаётган эканмиз, шунча хасталикни келтириб чиқарувчи ичимликни тақиқлашдан бошқа чора йўқ", – дея таъкидлаган Жаҳонгир Зияев.