Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев маълум қилган.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, метро вагонларига белгиланган йўловчилар сонининг 2 баробар кўпайиши ва бунинг ҳисобига вагонларга нормадан ортиқ юклама тушиб кетиши метро поездларининг тез-тез бузилишига олиб келмоқда.
"Йўловчилар томонидан метрополитендан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаётганлиги, яъни, ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида туриб қолиш, манзилга келгач, поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суяниш ҳамда поезднинг бош ва сўнгги вагонлари билан бир қаторда ўрта вагонларидан тенг фойдаланмаётганликлари асосий сабаблардан биридир", – дейилади хабарда.
Шунингдек, йўловчилар томонидан вагонларда ва метрополитен ҳудудида шахсий буюмларни қолдириб кетиш каби ҳолатлар кузатилаётгани айтилган.
"Бунда, текшириш мақсадида, поезд ҳаракати йўналишидан олинади ва ҳаракат интервалининг узайишига олиб келади. Бу каби ҳолатлар бир ой давомида 9-10 маротаба учрайди" – дейди Т.Мирзаев.
Негадир, баъзи масъуллар айбини тан олиб, уни тузатишга эмас, бошқача баҳоналар қидиришга ҳаракат қилади. Aйтиладиган барча баҳоналар тугагач, энг охирида истеъмолчи айбдор бўлиб чиқаверади.