Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўтган октябрь ойида Тошкент шаҳрида барча турдаги хонадонлар учун таклиф этилаётган ижара нархлари 2022 йилнинг мос давридагига нисбатан арзонлашганини хабар қилди.
Хусусан, ўртача таъмирлаган уйлар ижара ҳақи 6-14 фоизгача, тўлиқ таъмирланган уйлар ижараси 6-16 фоизгача пасайган.
"Уч хонали уйлар ижара ҳақида Учтепа (-20,7 фоиз) ва Олмазор (-20 фоиз) туманларида нисбатан кўпроқ пасайиш қайд этилган. Тўрт хонали уйлар учун Яккасарой (-29,7 фоиз) ва Чилонзор (19,8 фоиз) туманларида ижара нархларининг тушиши кузатилган", — дейилади институт хабарида.
Лекин, Марказий банкнинг август ойидаги маълумотида Бектемир туманидаги кўрсаткични (5,2%) ҳисобга олмаганда, пойтахтнинг қолган барча туманларида уй-жойларнинг ижара тўлови ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 10 фоиздан 22 фоизгача кўтарилгани қайд этилган эди.