Ўзбекистонда газ қазиб олиш қисқариб, импорт кўлами кенгаймоқда

22.11.2023 08:43

Статистик маълумотларга кўра, oктябрда 3 795,3 млн куб метр газ қазиб олинган, бу ўтган йилнинг октябрига нисбатан 10,4 фоизга ёки 438,3 млн куб метрга камроқ. 

Йиллик газ қазиб олиш қисқариши эса 4 215,3 млн куб метрга етган. 2023 йил якунига кўра, газ қазиб олиш 2022 йилга нисбатан 5 млрд куб метрга камроқ бўлиши мумкин.

Жорий йил апрель ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов Ўзбекистонда газ қазиб олиш кескин пасайганини изоҳлаб, шу йил иккинчи ярмидан ижобий томонга ўзгаришини ваъда қилган эди. Аммо рақамлар йилнинг иккинчи ярмида газ қазиб олиш янада камайганини кўрсатмоқда.

Газ экспорти

Қазиб олиш қисқаришига қарамай, октябрда 46,5 млн долларлик газ экспорти расмийлаштирилган. Йил бошидан буён 458,2 млн долларлик газ экспорт қилинган.

Импорт

Газ импортининг суммадаги қиймати октябрда 73,8 млн долларни ташкил этган (йил бошидан буён 561,7 млн долларлик газ импорт қилинган). 

"Мазкур рақамлар шартли қабул қилиниши зарур ва импорт қиймати статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ бўлиши мумкин, чунки масалан сентябрда 286,1 млн долларлик газ импорти расмийлаштирилган. Бу январь-август ойларида импорт қилинганидан 1,4 баробарига кўпроқ. Яъни импорт қилинган газ расмий статистикага анча кечикиб киритилаётгани белгилари мавжуд", – дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Умуман олганда, Ўзбекистон йил бошидан бери 458,2 млн долларлик газ экспорт қилиб, 561,7 млн долларга тенг газ сотиб олган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар