Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Матбуот котиби нима иш қилади?

15.11.2023 18:09

Ўзбекистонда президент алмашди, ҳокимлар алмашди, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Матбуот котиби алмашмади, аксинча у 6 нафар вазирини “алмаштирди”.

Бир тизимда энг узоқ Матбуот котиби бўлиб ишлаб келаётган Фурқат Санаевнинг нима иш қилиши жуда кўпчиликка қизиқ бўлса керак.

Шу кунларда соғлиқни сақлашда муаммолар шу қадар кўпайиб кетганки, дазмолни қўшсангиз ҳам тиббиётдаги муаммолар қулоғингиз тагида янграйверади. Узоқ ҳудудлардаги тиббиёт бирлашмаларидан келаётган муаммоларни қўяверинг. Уларни ҳар доимги одатий муаммолар дейишимиз мумкин. Аммо ўнлаб бегуноҳ гўдакларни ўлдираётган “тадбиркор”лар ишига жимгина қараб туришнинг имкони йўқ.

Айни кунларда прокуратура ва судларда ҳам, парламентда ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ҳақида бонг урилмоқда, депутатларимиз ҳам кўзда ёш билан тиббиётдаги ўлимларга куюнмоқда. Бироқ ССВ матбуот хизмати жим.

ССВ матбуот хизматига масъул Фурқат Санаев бирор бир жўяли муносабат бериб, халқни овутишни ҳам ўзига эп кўрмади. Қадимдан матбуот котиби лавозимда ишлаб келаётган Фурқат Чориевичнинг ишлари бисёр бўлиши мумкин. Шахсий дорихоналари фаолияти билан шуғулланишдан ёки бошқа банклардаги матбуот хизматидан вақти ортмаётгандир балки. Аммо тиббиётдаги муаммоларга икки оғиз сўз билан муносабат билдириб қўйиш унинг бурчи эмасми? Соғлиқни сақлашдаги муаммолар билан Матбуот анжумани ўтказиш қийин масала, аммо ҳеч бўлмаганда, брифинглар билан одамларни алдаб қўйиш ҳам имконсизми?

Соғлиқни сақлашга 10 та тиббий вертолёт олиб келиниши режалаштирилгани ҳақидаги хабарлар тарқатилди. Бу режалар қанчалик жиддий, вертолётларни бошқариш учун мутахассислар борми, ёки экипажлар ҳам четдан олиб келинадими, ҳудудларга қандай тақсимланади ёки бу шунчаки ПР хабарми каби саволлар билан ССВ матбуот котибига мурожаат қилдик. Аммо у Rost24.uz`нинг бу саволлари бўйича ҳеч қандай маълумот бермади. Аниқроғи, жавоб беришни ўзининг обрўйига тенг кўрмади шекилли.

Соғлиқни сақлаш матбуот хизмати ОАВ ва жамоатчилик учун қанчалик ёпиқ бўлмасин, бу тизимдаги муаммолар барибир ўзини ошкор қилишда давом этмоқда. Бугун ижтимоий тармоқларнинг ҳар бир саҳифасидан соғлиқни сақлаш тизимидаги нохуш хабарлар ўрин олган.

14 ноябрь куни Парламент Қуйи палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазирининг ахбороти эшитилди. У ҳисоботида “Док-1 Макс” фалокати бўйича кеч хабардор бўлганини ҳам тан олди.

“Ўша пайтда вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида мен ҳам бу ҳақда кеч билганман ва бу менинг ҳам хатоим. Шифокорларимиз айнан шу препаратдан заҳарланиш эканлигини билишмаган», – деди соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов.

Вазирнинг гапидан ОАВ ва жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ССВ матбуот хизмати вазирлик раҳбарияти учун ҳам мавҳум, деган маънони англаш мумкин.

Шунингдек, “Док-1 Макс” иши бўйича судда кўрсатма берган ССВ мутахассиси маълумотлар вазирга вақтида киритилмаганини билдирган эди.

Ахборот асрида маълумотлар энг аввало ижтимоий тармоқларда кўриниш беришини инобатга оладиган бўлсак, маълумотлар биринчи бўлиб ташкилотларнинг матбуот хизматларида пайдо бўлиши табиий хол. Ўз ўрнида ташкилот матбуот котиби ташкилотга доир маълумот ва хабарларни раҳбариятга вақтида етказиши зарур.

Тиббиёт ҳазиллашиб бўлмайдиган соҳа. Эътиборсизлик билан қаралган биргина “Док-1 Макс” фалокати битта дори билан бутун бошли бир давлатни қириб юбориш мумкинлигини амалда исботлаб қўйди. 

Бу каби хато такрорланмаслиги учун Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлашга масъул бўлган Матбуот котиблари ҳам манманлик тўнини ечиб қўйиб, вазирдан саал пастроқда юрса мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар