Россияда мигрантлар учун 30 фоизлик комиссия белгиланиши мумкин

06.11.2023 09:03

Россиялик сиёсатшунос Алексей Ярошенко Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмаси учун 30 фоизлик комиссия жорий этишни таклиф қилди.

"Риа Новости" нашрининг хабар беришича, Россияга меҳнат муҳожирларининг кириб келиши нафақат жиноятчиликнинг кучайишига, ҳаттоки, пулларнинг хорижга чиқиб кетишига ҳам сабаб бўлган. Сиёсатшунос Алексей Ярошенко Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонга пул ўтказмалари учун мажбурий комиссия жорий этиш, шунингдек, ушбу республикалардан ташриф буюрувчиларнинг банк карталарига хизмат кўрсатиш тўловини оширишни ҳам таклиф қилди.

Ярошенконинг фикрича, бугун Россияда муҳожирлар билан жиддий муаммолар мавжуд.

"Янги келганлар тез-тез жиноят ҳақидаги хабарларнинг "қахрамонларига" айланишмоқда. 2022 йилда мигрантлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар, жумладан қотилликлар сони 21 фоизга ошди. Қамоқхоналарда 30 мингдан ортиқ хорижлик бор. Маҳбусларнинг деярли 7 фоизи бу ерга келиб, ишлаш ўрнига жиноят содир этиб, қамоққа тушган муҳожирлардир. Уларни маҳбусликда сақлаш ҳар йили Россия бюджетига 500 минг рублга тушмоқда. Умумий харажатлар йилига 15 миллиард рублни ташкил қилади", – дейди сиёсатшунос.

Алексей Ярошенконинг айтишича, муҳожирлар оқими Россияда турмуш даражасини пасайтирар экан. 2023 йил бошида 563,6 мингдан ортиқ Россия фуқароси ишсизлар рўйхатига киритилган. Иш берувчилар Россия президентининг русларнинг ҳаёт фаровонлигини ошириш тўғрисидаги буйруғини бузган ва чет элликларни ишга олишни биринчи ўринга қўйган. Натижада, россияликларнинг даромадлари ошмаяпти, чунки улар ишга қабул қилинмаяпти.

“Россия фуқароси Марказий Осиё фуқаросига қараганда кўпроқ маош олиши керак. Бу шуни англатадики, биз Марказий осиёликларни ишга олган тақдирда ҳам маошини оширмаслигимиз керак”, – дея сўзини изоҳлаган.

Муаммони ҳал қилиш учун Ярошенко Россияга меҳнат миграциясининг оқимини камайтиришни таклиф қилди.

"Биринчидан, мамлакатдан пул олиб чиқишга тўсиқ қўйиш, яъни Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ўз ватанига пул ўтказмалари бўйича комиссия жорий этиш керак.

Агар Россия банкининг мижози ўз уйига пул ўтказса, у ўтказма мақсадидан қатъи назар, сумманинг 30 фоизини комиссия сифатида тўлаши керак. Банк бу пулни махсус федерал бюджет жамғармасига ўтказади ва шу орқали пулларни Россияда сақлашга ёрдам беради.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ўз ватанларига бир неча миллиард рубль пул ўтказиб келган ва бу пуллар мамлакатдан ташқарига чиқиб кетган, – деган россиялик сиёсатшунос.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар